11:07 / 14.06.2023
10843

Чилонзордаги цехда юз берган портлаш оқибатида 6 киши жароҳат олди

Чилонзор тумани Астробод кўчасидаги мис қувурлари ишлаб чиқариш цехи ҳудудида портлаш содир бўлди. 6 киши Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Бугун, 14 июнь куни соат 09:50 да Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Астробод кўчасида жойлашган мис қувурлари ишлаб чиқариш цехининг бир қаватли бостирмаси (ангар)да ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлган.

Зудлик билан воқеа жойига ФВВ раҳбарияти бошчилигида ёнғин-қутқарув экипажлари, шунингдек, прокуратура, ИИВ, МГ, ССБ, «Ҳудудгаз» ва бошқа тегишли ташкилотлар ходимлари етиб борган. Айни вақтда ҳодиса оқибатлари бартараф этилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра чақнаш оқибатида 6 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган.

Top