Ўзбекистон | 20:43 / 18.07.2023
10966
4 дақиқада ўқилади

Репортаж: Журналист ва икки матбуот котиби устидан суд жараёни бошланди

Telegram'даги канал орқали товламачилик қилиш ва бошқа жиноятларда айбланаётган тўрт нафар судланувчи устидан суд жараёнлари ёпиқ тарзда кечадиган бўлди. Kun.uz бу борадаги саволлар билан Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовга мурожаат қилди.

18 июл куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судида Telegram'даги Kompromatuzb канали орқали давлат амалдорларига товламачилик қилганликда гумонланаётган тўрт киши устидан суд жараёнлари бошланди.

Дастлаб очиқ тарзда, ОАВ вакиллари иштирокида бошланган процесс, судланувчилардан баъзиларининг илтимосига кўра, ёпиқ кўриладиган бўлди.

Бу жиноят иши ҳақида 27 январда маълум бўлган, ўша куни Human.uz сайти директори Хуршид Далиев (судланувчи), сайт бош муҳаррири Муслим Мирзажонов ва сайтнинг бошқа ходимлари сайт офисидан олиб кетилган эди. Давлат хавфсизлик хизмати қўлга олинганлар Telegram'даги “Kompromatuzb” ва бошқа каналлар орқали қилинган товламачилик жиноятларига алоқадорликда гумонланаётганини билдирганди. Кейинроқ жиноят ишига собиқ меҳнат вазирининг матбуот котиби Мавжуда Мирзаева ҳамда собиқ “Ўзбекнефтгаз” раисининг матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов гумонланувчи сифатида жалб этилгани маълум бўлди.

Муслим Мирзажоновнинг 18 июл куни Kun.uz мухбири билан суҳбатда айтишича, уни қўлга олинган куни кечқурун қўйиб юборишган. У Human.uz сайтининг “Kompromatuzb” Telegram-каналига алоқаси йўқлиги, сайтнинг муассиси ҳисобланувчи корхонага молиявий тақиқ тушгани ортидан кўплаб ходимларни ишдан бўшатишга тўғри келгани, лойиҳа 2-3 киши иштирокида давом эттирилаётганини айтди.

“Агар журналист сифатида айтадиган бўлсам, суд жараёни албатта очиқ бўлишини истагандим. Чунки шаффоф бўлса, вазиятни ҳамма кўриб турса, биз учун ҳам, журналистлар учун ҳам, тингловчи учун ҳам яхши. Лекин ўзининг шахсияти нуқтайи назаридан айрим айбланувчилар ёпиқ бўлишини истади. Бу нарсага баҳо беришим қийин. Суд адолатли ўтишини кутамиз”, – деди Муслим Мирзажонов.

Суд жараёни ёпиқ кўрилиши юзасидан Kun.uz'га Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов изоҳ берди.

“Дастлаб судда ОАВ вакиллари ҳам иштирок этаётган эди, тўғри. Кўрганингиздек, суд томонидан очиқ ёки ёпиқ тарзда кўрилиши сўралганда, судланувчиларнинг айримлари уни ёпиқ тарзда кўрилишини исташди. Шунингдек, бунда прокурор ва адвокатларнинг илтимосномаси ҳам инобатга олинди”, – деди у.

Азиз Обидовга кўра, агар ёпиқ кўрилишини сўраган судланувчиларнинг илтимоси инобатга олинмаганда, уларнинг шаъни, қадр-қимматига путур етказилиши мумкин эди.

Олий суд вакили бу жиноий ишнинг катта лавозимдаги амалдорларга алоқадорлиги фактининг иш ёпиқ кўрилишига дахли йўқлигини қайд этди. “Йўқ, бундай фаразлар нотўғри. Бу масала сиз айтаётган одамларнинг мансаби боғлиқ эмас. Судланувчилар илтимосига кўра бўлди”, – деди Обидов.

Азиз Обидов судланувчилардан бирига нисбатан Жиноят кодексининг 113-моддаси – таносил ёки ОИТС/ОИВ касаллигини тарқатиш айблови ҳам қўйилгани Олий суд томонидан очиқлангани бўйича эътирозларга муносабат билдирди.

“Автоматик тарзда ёпиқ кўриладиган ишлар категориялари бор. ЖКнинг 113-моддаси эса бу туркумга кирмайди. Ҳаётга ва соғлиққа хавф солувчи жиноятлар туркумига кириб, ёпиқ тарзда кўрилиши белгиланмаган бу модда. Бундай тарзда суд томонидан айблов эълон қилиш айбсизлик презумпциясини бузиш ҳисобланмайди. Ҳали кўриб чиқиладиган иш сифатида кўрилади”, – деди Олий суд матбуот хизмати раҳбари.

Мавзуга оид