Ўзбекистон | 16:04 / 26.09.2023
24059
5 дақиқада ўқилади

«Компромат иши» бўйича суд ҳукми эълон қилинди

Иш бўйича жами тўрт кишига ҳукм ўқилган, хусусан, журналист Хуршид Далиевга 7 йиллик қамоқ жазоси берилган, Мавжуда Мирзаевага озодликни чеклаш жазоси қўлланиб, суд залидан озод қилинди.

Фото: Kun.uz

Олий суд Kompromatuzb Telegram-канали билан боғлиқ жиноят иши юзасидан суд ҳукми эълон қилингани ҳақида хабар берди.

Бугун, 26 сентябр куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида Х. Д. (1984 йилда Андижон вилоятида туғилган), С. Х. (1983 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган), А. А. (2004 йилда Андижон вилоятида туғилган) ва М. М. (аёл, 1973 йилда Андижон вилоятида туғилган) га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг раиси Т. Обидов раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра:

Хуршид Далиев Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 1-бандига асосан жиноят ишининг айрим эпизодлари бўйича Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми ва 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди (оқланди).

У Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми, 165-моддаси 3-қисми «а» банди, 184-моддаси (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) 3-қисми ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбли топилиб, унга Жиноят кодексининг 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 3 йилга оммавий ахборот воситаларида ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида жарима ва 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди. Тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси умумий тартибли колонияларда ўталиши белгиланди.

Сиёвуш Ҳошимов Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан жиноят ишининг айрим эпизодлари бўйича Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми ва 165-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди (оқланди).

У Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми, 165-моддаси 3-қисми «а» банди ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбли топилиб, унга Жиноят кодексининг 59 ва 61-моддалари тартибида 3 йилга ОАВда ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси умумий тартибли колонияларда ўталиши белгиланди.

Аҳмадулло Аҳмаджонов Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми ва жиноят ишининг айрим эпизодлари бўйича 165-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди (оқланди).

Унга нисбатан 165-моддаси 3-қисми «а» банди бўйича эълон қилинган айбловнинг қолган эпизодлари Жиноят кодексининг 241-моддаси (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) 1-қисмига қайта малакаланди. Шу тариқа, А. А. Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли топилиб, унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. 

Мавжуда Мирзаева Жиноят кодексининг 113-моддаси (таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) 4-қисми ва 165-моддаси 2-қисми «а», «в» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбли топилиб, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб, 59-моддаси тартибида 3 йилга оммавий ахборот воситаларида ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Шу билан бирга жиноят иши доирасида жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни судланувчилардан солидар тартибда ундириш белгиланди.

  • Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 27 январ куни Human.uz сайти директори Хуршид Далиев Telegram'даги Kompromatuzb ва бошқа каналлар орқали қилинган товламачилик жиноятларига алоқадорликда гумонланиб, нашр офисидан олиб кетилганди.
  • Кейинчалик Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг собиқ матбуот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева ва «Ўзбекнефтгаз» матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов ҳам ушбу иш доирасида ҳибсга олингани маълум бўлганди.

Мавзуга оид