Иқтисодиёт | 13:28 / 02.08.2023
28724
3 дақиқада ўқилади

Доллар курси 11 715 сўмгача кўтарилди

АҚШ валютасининг ўзбек сўмига нисбатан курси янги максимумни қайд этди. Аввалроқ Марказий банк раиси валюта бозорида мавсумийлик омили асосида талабнинг ошаётгани миллий валюта курсига босим ўтказаётганини айтганди.

Фото: Kun.uz

2 август, чоршанба куни Ўзбекистон тижорат банкларида АҚШ долларининг сотув курси янги максимум – 11 715 сўмгача кўтарилди. Бешта банк кассаларида Америка валютаси шу қийматда сотилмоқда. Шу тариқа, курс илк марта 11 700 сўмлик психологик нуқтадан ўтди.

Банкларда сотув курси 11 680 – 11 715 сўм оралиғида бўлиб турибди. Мижозлар учун 11 680 сўмлик энг манфаатли курсни Ипак йўли банки таклиф этмоқда.

Айирбошлаш шохобчаларида харидлар 11 580 – 11 640 сўмлик диапазонда кечяпти. Долларни сўмга айирбошлаш учун энг манфаатли 11 640 сўмлик таклиф – Инфин банк шохобчаларида.

Ўзбекистон Марказий банки 2 август учун АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий қийматини 11 633 сўм 11 тийин деб белгилаган.

МБ раиси Мамаризо Нурмуродов ўтган ҳафта бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўмнинг долларга нисбатан қадрсизланишини валюта бозорида талабнинг ошиши билан изоҳлаган эди. Унинг сўзларига кўра, талабнинг ошиши, хусусан, мавсумийлик омили билан боғлиқ: йилнинг шу даврида кўплаб йирик компаниялар ташқи савдо операциялари бўйича тўловларни амалга оширади.

Нурмуродов, шунингдек, миллий валютанинг қадрли ёки қадрсизлигига унинг хорижий валюталарга нисбатан курсига қараб баҳо бериб бўлмаслигини айтганди.

“2017 йилдан бери валюта бозорини эркинлаштирганимиздан то бугунги кунгача валюта курсининг ўзгариши кўплаб давлатларнинг валютаси қадрсизланишидан анча паст бўлди. 4 йил давомидаги ўртача йиллик қадрсизланиш сўмда 6-7 фоизни ташкил қилади.

Сўм 6 ой давомида долларга нисбатан 3,12 фоизга қадрсизланди. Асосий савдо ҳамкорларимиз Туркия, Россия, Хитой билан солиштирсак, долларга нисбатан уларнинг валютаси сўмга қараганда кўпроқ қадрсизланди. Шу нуқтайи назардан, уларнинг миллий пули қадрли, бизники қадрсиз деб таққослаш тўғри эмас”, – деганди у.

Марказий банк раҳбарига кўра, бутун дунёда валюта қадри иқтисодий ўсишга боғлиқ. Яъни иқтисодиётнинг барқарор ўсиши, иқтисодиётнинг ташқи иқтисодий фаолиятдаги инклюзив ривожланиши – миллий валюта курсига таъсир қилувчи энг асосий кўрсаткичдир.

АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 11 600 сўмлик психологик нуқтага етиши 5 июл куни кузатилганди.

Мавзуга оид