Биринчи ярим йилликдаги давлат бюджети дефицити 29 трлн сўмдан ошиб кетган
Жорий йилнинг ўтган 6 ойида давлат бюджети даромадлари қарийб 100 трлн сўмни, бюджет харажатлари эса 129 трлн сўмни ташкил этган. Бу маълумотларни эълон қилган иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўз нутқида “дефицит” сўзини ишлатмади. У кескин ошган тақчилликни қоплаш манбалари ҳақида ҳам сўз очмади.
4 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда 2023 йил биринчи ярим йиллигидаги давлат дастури бажарилиши юзасидан қилинган ишлар ҳисоботи кўриб чиқилди.
Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг маълум қилишича, ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулот ўсиши 5,6 фоизни ташкил этган.
Ўтган 6 ойда давлат бюджети даромадлари қарийб 100 трлн сўм бўлиб, шундан 76 трлн сўм солиқ тушумлари, 24 трлн сўм эса божхона йиғимлари ҳисобига шакллантирилган.
Мазкур даврда давлат бюджети харажатлари 129 трлн сўмдан ошган. Шундан 65 трлн сўми ижтимоий соҳаларга йўналтирилган.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўз маърузасида «дефицит» деган сўзни ишлатмади.
Иқтисодчи Отабек Бакиров консолидациялашган бюджет дефицити давлат бюджети дефицитидан анча юқори бўлганини тахмин қилган.
«Ўтган йилнинг тегишли даври билан солиштирилса, даромадлар камтаргина 8,1 фоизга, харажатлар эса жуда тез – 25,2 фоизга ўсган.
Ялпи ички маҳсулот 2023 йил ярим йиллиги бўйича 469,9 трлн сўмни ташкил этгани ҳисобга олинса, давлат бюджети дефицити деярли 6,2 фоизга етгани маълум бўлади.
2023 йил бюджетига оид қонунга кўра, консолидациялашган бюджетнинг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизи миқдорида белгиланган. Маърузада консолидациялашган бюджет маълумотлари очиқланмаган. Мундарижасига кўра, консолидациялашган бюджет дефицити давлат бюджети дефицитидан ҳам анча юқори бўлган бўлиши эҳтимоли юқори», деб ёзди у.
Маълумот учун, ҳукумат жорий йилги давлат бюджетининг даромадлари ва харажатлари ўртасидаги ижобий фарқ 4,2 трлн сўмга (профицит) тенг бўлишини прогноз қилганди. Хусусан, 2023 йилда даромадлар 232,1 трлн сўмни, харажатлар 227,8 трлн сўмни ташкил этиши керак эди.
2023 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонун билан жорий йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган миқдори ЯИМга нисбатан 3 фоиз миқдорида белгиланган. Қонунга кўра, йил давомида давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан дефицитни молиялаштириш учун олинадиган қарзлар миқдори 2 млрд доллардан ошмаслиги керак.
27 июл куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов бюджет харажатлари ошишида табиий газ импорти катта ўрин тутганини айтганди.
Шу куни Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш қарори юзасидан эълон қилган релизида айтилгандики, ўрта муддатли истиқболда иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун пул-кредит ва фискал сиёсатларни ўзаро уйғун ҳолда олиб бориш мақсадларидан келиб чиқиб, бюджет дефицити белгиланган параметрлар даражасидан ошмаслигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.
Kun.uz аввалроқ ҳукумат 2023 йилги консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган миқдорини 5 фоизгача оширишни режа қилгани ҳақида ёзганди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунда ҳам дефицит бўйича 3 фоизлик лимит кўрсатилган, лекин давлат харажатлари даромадлардан кескин ортиб кетиши ортидан, бюджет қонунига ўзгартириш киритилиб, лимит 4 фоизга кўтарилганди.
Мавзуга оид
13:25 / 19.10.2024
Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи” унвони берилди
08:50 / 12.10.2024
«2025 йилда энерготарифлар ислоҳотининг асосий босқичи якунланади» — бош вазир ўринбосари
22:19 / 11.10.2024
Ўзбекистон 2027-2028 йилларда электр ва газ улгуржи бозорига ўтишни якунлайди – Жамшид Қўчқоров
14:16 / 03.06.2024