Жаҳон | 20:40 / 18.10.2023
20376
5 дақиқада ўқилади

Геосиёсий шахмат тахтасида – Венесуэла

Шу кунларда АҚШ Венесуэлага 2019 йилдан бошлаб жорий қилган санкцияларининг баъзиларини юмшатиши маълум бўлди. Жумладан, бу давлатнинг нефт сотишдаги чеклаб қўйилган ҳуқуқи асталик билан қайтарилмоқда. Бу – АҚШнинг Россия ва Хитойга нисбатан олиб бораётган сиёсати билан боғлиқ.

Николас Мадуронинг Пекинга ташрифи, 2023 йил 13 сентябр / Фото: Xinhua

Венесуэла – Жанубий Американинг шимолий соҳилида жойлашган давлат, аҳолиси салкам 30 миллионни ташкил қилади. Дунёда нефтга энг бой давлат – Венесуэла. 2018 йилда ўлчанган Венесуэланинг нефт захираси – тахминан 300 миллиард баррелдан ошади, дунё захирасининг 17 фоизини ташкил қилади ва бу билан Венесуэла Саудия Арабистони ва Россия Федерациясидан олдинда туради.

Шундай бўлса-да, Венесуэла кейинги йилларда дунё бозорига эмин-эркин нефт сота олмади. Сабаби – АҚШ бошчилигидаги коллектив ғарб санкциялари. Венесуэла – авторитар давлат, у Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси каби глобал аксил-ғарб давлатлари билан яхши алоқада бўлиб келди.

Венесуэлада охирги президентлик сайловлари 2018 йилда бўлиб ўтди. Бу сайлов Лотин Америкасидаги аксарият давлатлар ва демократик ғарб давлатлари томонидан тан олинмади, қаттиқ танқид қилинди. Натижада нолегитим сайловлар сабабли АҚШ ва бошқа кўплаб давлатлар Венесуэлага қарши санкциялар жорий қилди.

Лекин Россиянинг Украинага уруши ортидан, Вашингтон Венесуэла билан келишув йўлларини излай бошлади. Дунё иқтисодиётининг қон томири, куч-қуввати – нефт ва газ ҳисобланади. Глобал қудрат, нефт нархи ва ҳажмларини назорат қилиш билан чамбарчас боғлиқ.

Россия кейинги йигирма йилда биринчи учталикка кирувчи нефт ва газ сотувчи давлат бўлди. Украинага ҳужуми ортидан, Россия нефт ва газига эмбарго – чекловлар жорий қилинди. Санкциялар қўлланди.

Дунё бозорида нефт ва газ ҳажми маълум миқдордан камроқ бўлса, нархлар ошиб кетади. Энергетика нархлари ошиши барча товарлар ва хизматлар нархига таъсир қилади. Чунки транспорт ва саноат ишлаб чиқаришининг деярли барчаси нефт ва газга боғлиқ.

Демак, нега Венесуэла билан келишилмоқда? Биринчидан, шу йилнинг декабр ойида Европа Иттифоқи Россияга қарши навбатдаги санкциялар тўпламини жорий этмоқчи. Бу санкциялар Россиянинг нефт ва газ сотиш имкониятларига қарши қўлланиши кутилмоқда.

Иккинчидан, дунёдаги энг катта нефт етказиб берувчи минтақа бўлмиш Яқин Шарқ ҳам нотинч. Саудия Арабистони АҚШдан бироз узоқлашмоқда, “глобал жануб”га қўшилмоқда. 7 октябр куни яна авж олган Исроил-Фаластин можароси минтақадаги вазиятни ўта кескинлаштирди. Исроилнинг агрессив ҳарбий амалиётлари одатда араб давлатларининг ғарбга, АҚШга муносабатини доим озми-кўпми совитади. Сабаби Исроил АҚШ ҳимоясида, Фаластинга нисбатан эса ғарбда холислик йўқ. Бу сафар ҳам, араб давлатлари Вашингтоннинг бирёқлама сиёсатидан норози. Бу норозилик нефт ва газ етказиб бериш ҳажми ва нархларини беқарорлаштиради. Яқин Шарқ 1973 йилдаги каби нефт эмбаргоси қилиш ниятида эмас. Лекин агар Яқин Шарқдаги вазият янада кескинлашса ва араб давлатларининг Исроилдан норозилиги ошса, бу нефт сиёсатига ҳам таъсир қилади.

Украина уруши фонида Россия нефтига қарши санкциялар қўллаб, АҚШ ўзининг стратегик резервларини ишлатишга мажбур бўлмоқда. Ҳали-бери Россия-Украина уруши тугамайди. Демак, яқин орада Россия нефтига нисбатан санкциялар кучайса кучаяди, камаймайди. Эрон билан тўлиқ ярашилгани йўқ. Бу – узоқ жараён. Бу ёқда Исроил-Фаластин уруши бошланди.

Геосиёсатда приоритетлар бўлади. АҚШ учун, Венесуэлани жазолашдан кўра, Россияни ҳолсизлантириш ва Исроилга ҳомийлик қилиш муҳимроқ. Шу сабаб Венесуэла билан келишиш ва унинг нефтини ғарб бозорига олиб чиқиш геосиёсий қиймат жиҳатидан арзонроқ ва қулайроқ.

Бу дегани Венесуэла АҚШ томонига ўтди дегани эмас. Мадуро яқин бир-икки ой ичида Россияга сафар қилиши керак. Путин унга “Бошингга қийинчилик тушганда мен ёрдам қўлини чўздим. Энди мени сотмасанг керак?!” деган маънода савол қўйиши табиий.

Бир томондан Венесуэла оғир иқтисодий ва гуманитар аҳволда; бошқа томондан, Мадуро яхши биладики, коллектив ғарбнинг авторитар давлатлар билан келишувлари тактика холос. Шунинг учун Венесуэлага нисбатан АҚШ томонидан санкциялар камайтирилиши – бир томондан қулай имконият, иккинчи томондан геосиёсий вазифа ҳисобланади. Мадуро эса ўз режимининг иқтисодий ва геосиёсий манфаатлари ўртасида мувозанат сақлай олишга интилади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид