16:30 / 05.12.2023
10434

Beeline Тошкент марказидаги бош офисини сотувга қўйди

Компания буни бош офиснинг “бошқа бинога кўчиши” билан изоҳлаган. Айни пайтда операторнинг Қоратош мавзесидаги уч қаватли алоқа маркази биноси ҳам сотувга қўйилган.

Фото: Beeline

Beeline компанияси Тошкент шаҳри марказида, Амир Темур хиёбони яқинида жойлашган бош офиси биносини сотувга қўйганини эълон қилди.

Компания, шунингдек, Шайхонтоҳур тумани Қоратош мавзесида жойлашган алоқа маркази офисини ҳам сотмоқда.

Расмий хабарда ҳар иккала бинонинг сотилиши “бошқа бинога кўчиб ўтилаётгани” билан боғлиқлиги айтилган. Сотув нархи кўрсатилмаган.

Beeline бош офиси 1988 йилда қурилган бўлиб, 2014 йилда реконструкция қилинган. Бино 6 қаватдан ҳамда мансарда ва ертўладан иборат. Умумий майдони – 14 739 кв м. Шунингдек, 75 ўринли автотураргоҳи бор.

Қоратошдаги алоқа маркази офиси 2010 йилда қурилган, 2015 йилда реконструкция қилинган. Бино 3 қаватли, мансарда ва ертўласи бор. Умумий майдони – 2 595 кв м. Автотураргоҳга эга эмас.

Эслатиб ўтамиз, октябр ойида Тошкентдаги Амир Темур хиёбони яқинида жойлашган, Beeline бош офисига қўшни бўлган Рақамлаштириш вазирлиги ва Алоқабанк бинолари Микрокредитбанкка 387 млрд сўмга сотилган эди. Икки бинонинг умумий майдони 11 минг квадрат метрни ташкил этади.

Top