12:24 / 14.12.2023
18997

Тошкентда ўқувчиси ток уриб вафот этган мактабнинг директор ўринбосари қамоққа олинди

Мирзо Улуғбек туманидаги мактабнинг 8-синф ўқувчиси ток уриши оқибатида вафот этганди. Воқеа ортидан мактабнинг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари қамоққа олинди.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 99-мактабнинг 8-синф ўқувчиси муассаса ҳудудида ток уриши натижасида вафот этиши ортидан қўзғатилган жиноят иши доирасида мактабнинг «замдиректор»и қамоққа олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Kun.uz’га маълум қилди.

Қайд этилишича, мактабнинг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми «а» банди ва бошқа моддалари билан айблов эълон қилиниб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Аввалроқ ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186- ва 207-моддалари (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш ҳамда мансабга совуққонлик билан қараш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилганди. 

Эслатиб ўтамиз, ўқувчи билан рўй берган бу воқеа ҳақидаги хабарлар 28 ноябрь куни тарқалганди. 

Кейинроқ ММТБ вакиллари бу бўйича расмий муносабат билдириб, бола муассаса ҳовлисидаги спорт майдонидан чиқиб кетаётганида аҳволи ёмонлашиб, ҳушидан кетганини маълум қилганди. 

Қолаверса, бошқарма ўқувчини ток урмагани ва мазкур ҳудудда ҳеч қандай электр токи кабели узилган ҳолат кузатилмагани ҳамда мактаб стадиони ва унинг атрофида электр энергия узаткичлари борлиги аниқланмаганини ёзиб ўтган. Бироқ ҳозирда хабардан мазкур жумлалар олиб ташлаб, таҳрирлаб қўйилганди.

Шундан сўнг Бош прокуратура болани мактабда электр токи уриши натижасида вафот этганини тасдиқлаган.

Шунингдек, Kun.uz 99-мактабдаги бу ҳолатдан 2 ҳафта олдин бошқа ўқувчини ҳам ток урганидан хабар топган ва агар бу тасдиқланса, мактаб мансабдорларига нисбатан ЖКнинг 207-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиши лозимлиги ҳақида ёзганди.

Top