12:02 / 28.12.2023
4960

«Евронинг отаси» сифатида танилган сиёсатчи Жак Делор вафот этди

Жак Делор ягона Европа бозорини яратиш, Шенген келишувларини имзолаш ва ягона Европа валютасини жорий этишга тайёргарлик кўришда муҳим рол ўйнаб, «евронинг отаси» сифатида танилганди.

Фото: Flickr

Францияда сиёсатчи ва иқтисодчи, Еврокомиссия собиқ раиси, «евронинг отаси» сифатида танилган Жак Делор 98 ёшида вафот этди. Делорнинг ўлими ҳақида 27 декабр, чоршанба куни унинг қизи Мартин Обри хабар берди. Жак Делор кейинчалик Европа комиссияси номини олган Европа ҳамжамиятлари комиссиясини 1985 йилда бошқара бошлаган ва бу лавозимни уч муддат - 1995 йилгача эгаллаб келган.

Унинг раҳбарлигида Европа интеграциясининг янги босқичи бошланди. 1985 йилда Шенген шартномаси имзоланди, Делор томонидан ишлаб чиқилган дастур Европа Иттифоқининг ягона ички бозорини яратиш ва ягона Европа валютаси - еврони жорий этиш учун асос яратди. 

Европа сиёсатчилари: Делор - янги Европанинг меъмори 

Франция президенти Эммануэл Макрон Жак Делорнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдириб, Делорни «Европамизнинг меъмори» ва «инсон адолати учун курашувчи шахс» деб атади. 

Европа комиссияси амалдаги раиси Урсула фон дер Ляйен ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида: «Делор Европамизни янада кучлироқ қилган шахс эди», деб ёзди. 

Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел Делорни «буюк француз ва буюк европалик» деб атади, у «Европа қурувчиларидан бири сифатида тарихга кирди».

Германия канцлери Олаф Шолцнинг айтишича, Делор «Европани бирлаштириш тарафдори бўлган». «У бугунги кунда биз билган Европа Иттифоқининг меъморига айланди», деб таъкидлади Шолц.

Top