Жаҳон | 14:14 / 18.03.2024
4495
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Миср билан стратегик ҳамкорлик дастурини ишга туширди

Янги дастур доирасида Европа Иттифоқи Мисрга яқин тўрт йил ичида қарийб 7,4 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам беришга тайёрланмоқда.

Фото: Egyptian Presidency/AFP

Миср Европа Иттифоқидан 2027 йил охиригача 7,4 миллиард евро миқдорида кредит ва субсидиялар шаклида молиявий ёрдам олиши мумкин. Бу Европа Иттифоқи ва Шимолий Африка мамлакати ўртасидаги янги стратегик ҳамкорлик дастурида кўзда тутилган бўлиб, унинг бошланиши ҳақида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 17 март, якшанба куни эълон қилган.

Шу куни фон дер Ляйен ва Европа Иттифоқининг бошқа юқори мартабали расмийлари Қоҳирада Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси билан учрашди. Маълумотларга кўра, 7,4 миллиард евродан 5 миллиард евро кредитлар учун мўлжалланган. Яна 1,8 миллиард евро озиқ-овқат хавфсизлиги ва рақамлаштириш каби соҳаларга инвестициялар учун сарфланиши кутилмоқда. 600 миллион евро субсидиялар кўринишида бўлиши керак, бу маблағнинг 200 миллион евроси миграцияни бошқариш учун мўлжалланган. 

Иқтисодий барқарорлик, савдо, миграция ва малака

ЕК раҳбари X ижтимоий тармоғида тушунтирганидек, Европа Иттифоқи ва Миср ўртасидаги стратегик шериклик келишуви доирасидаги қўшма ишнинг асосий йўналишлари сиёсий муносабатлар, иқтисодий барқарорликка эришиш, сармоя ва савдо, миграция, хавфсизлик, шунингдек, «одамлар ва касбий маҳорат» бўлади. 

Аввалроқ, 13 март куни Financial Times газетаси иқтисодиётни мустаҳкамлаш учун Европа Иттифоқи томонидан Мисрга 7,4 миллиард евро ажратишни назарда тутувчи келишув тайёрланаётгани ҳақида ёзган эди. Мақолада таъкидланганидек, Ғазо сектори ва Судандаги можаролар Шимолий Африканинг ушбу давлатида молиявий муаммоларни янада ёмонлаштириши ва Европага миграция босимини кучайтириши мумкинлигидан хавотирлар фонида бундай чора кўрилади. 

Мавзуга оид