16:51 / 16.04.2024
107625

1 майдан электр энергияси ва табиий газ тарифлари ўзгаради, ижтимоий нормалар киритилади

Ўзбекистонда электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ нархларини либераллаштирган ҳолда, уларнинг истеъмолига ижтимоий нормалар жорий этилади. 16 апрел куни Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди. Бу ҳақда энергетика вазири ўринбосари Умид Мадаминов АОКАдаги брифингда маълум қилди.

Энергоресурслар тарифлари қарийб 5 йилдан буён – 2019 йил августидан бери ўзгармай келаётган эди. Ўтган вақт давомида янги тарифларни жорий этиш турли сабаблар билан ортга суриб келинаётганди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департамент директори Хуршид Мустафоевнинг сўзларига кўра, айни пайтда электр энергиясининг таннархи қарийб 1000 сўмни, табиий газ таннархи эса 2000 сўмни ташкил этмоқда.

Қарор билан, 1 майдан бошлаб маиший истеъмолчилар (аҳоли хонадонлари) учун қуйидагича ижтимоий (базавий) меъёрлар киритилади:

  • электр энергияси – ойига 200 kWh'гача;
  • табиий газ (март–октябр ойларида) – ойига 100 кубометргача;
  • табиий газ (ноябр–феврал ойларида) – ойига 500 кубометргача.

Географик ва иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида иситиш мавсуми республиканинг бошқа ҳудудларидан фарқли равишда октябр–феврал ойлари деб белгиланди.

Ижтимоий меъёр доирасида аҳолига электр энергияси ва табиий газ имтиёзли нархларда етказиб берилади.

2024 йил 1 майдан кучга кирадиган тарифлар:

Электр энергияси

Маиший истеъмолчилар учун тарифлар (1 kWh учун, ойига):

— 200 kWh'гача – 450 сўм (ҳозирда 295 сўм);
— 201 kWh'дан 1000 kWh'гача – 900 сўм;
— 1001 kWh'дан 5000 kWh'гача – 1350 сўм;
— 5001 kWh'дан 10 000 kWh'гача – 1575 сўм;
— 10 001 kWh'дан кейин – 1800 сўм.

Овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп қаватли уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшовчи маиший истеъмолчилар белгиланган тарифларнинг 50 фоизи миқдорида тўлашда давом этади.

Истеъмолчиларнинг I ва II гуруҳлари (1000 сўм) ҳамда юридик шахслар учун (900 сўм) 2023 йил 1 октябрдан кучга кирган тарифлар 2024 йил 1 майдан кейин ўзгаришсиз қолади.

Табиий газ

Иситиш мавсумида – ноябр-феврал ойларида аҳоли хонадонлари учун табиий газ тарифлари (1 кубометр учун, ойига):

— 500 кубометргача – 650 сўм (ҳозирда 380 сўм);
— 501 кубометрдан 2500 кубометргача – 1500 сўм;
— 2501 кубометрдан 5000 кубометргача – 1950 сўм;
— 5001 кубометрдан 10 000 кубометргача – 2275 сўм;
— 10 001 кубометрдан кейин – 2600 сўм.

Март–октябр ойларида:

— 100 кубометргача – 650 сўм;
— 101 кубометрдан 2500 кубометргача – 1500 сўм;
— 2501 кубометрдан 5000 кубометргача – 1950 сўм;
— 5001 кубометрдан 10 000 кубометргача – 2275 сўм;
— 10 001 кубометрдан кейин – 2600 сўм.

Суюлтирилган газ тарифи 1 кг учун 1600 сўм бўлади (ҳозирда 1120 сўм).

2024 йил 1 июндан бошлаб автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияларига табиий газ 1800 сўмдан етказиб берилади.

2025 йил 1 апрелдан кучга кирадиган тарифлар:

Ҳужжат билан энергоресурсларнинг 2025 йил 1 апрелдан бошлаб кучга кирадиган тарифлари ҳам тасдиқланди.

Электр энергияси

Маиший истеъмолчилар учун тарифлар (1 kWh учун, ойига):

— 200 kWh'гача – 600 сўм;
— 201 kWh'дан 1000 kWh'гача – 1000 сўм;
— 1001 kWh'дан 5000 kWh'гача – 1500 сўм;
— 5001 kWh'дан 10 000 kWh'гача – 1750 сўм;
— 10 001 kWh'дан кейин – 2000 сўм.

Овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп қаватли уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшовчи маиший истеъмолчилар белгиланган тарифларнинг 50 фоизи миқдорида тўлашда давом этади.

Истеъмолчиларнинг I ва II гуруҳлари учун тариф (1000 сўм) 2025 йил 1 апрелдан ўзгаришсиз қолади. Бу санадан бошлаб юридик шахслар учун мўлжалланган тариф ҳам 1000 сўм деб белгиланади.

Табиий газ

Иситиш мавсумида – ноябр-феврал ойларида аҳоли хонадонлари учун табиий газ тарифлари (1 кубометр учун, ойига):

— 500 кубометргача – 1000 сўм;
— 501 кубометрдан 2500 кубометргача – 1800 сўм;
— 2501 кубометрдан 5000 кубометргача – 2100 сўм;
— 5001 кубометрдан 10 000 кубометргача – 2500 сўм;
— 10 001 кубометрдан кейин – 3000 сўм.

Март–октябр ойларида:

— 100 кубометргача – 1000 сўм;
— 101 кубометрдан 2500 кубометргача – 1800 сўм;
— 2501 кубометрдан 5000 кубометргача – 2100 сўм;
— 5001 кубометрдан 10 000 кубометргача – 2500 сўм;
— 10 001 кубометрдан кейин – 3000 сўм.

Суюлтирилган газ тарифи 1 кг учун 2000 сўм бўлади.

2025 йил 1 апрелдан бошлаб автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияларига табиий газ 2500 сўмдан етказиб берилади.

Top