20:44 / 02.05.2024
6136

Давлатободда юқори кучланишли ток линиясининг таги хизматлар кўчасига айлантирилмоқда

Юқори кучланишли электр тармоғи таги аукцион савдоларига чиқарилган. Ғолиблар ҳудудда сервис ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга оширади. Лекин тармоқнинг ҳимоя зонасида бундай лойиҳаларни амалга ошириш хавфли ва белгиланган талабларга зид ҳисобланади.

Наманган шаҳри Давлатобод тумани ҳокими Анваржон Тожимирзаев туман марказидаги Камолот кўчасини хизмат ва сервис кўрсатиш кўчасига айлантириш бўйича бошланган ишлар билан танишган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Давлатобод тумани ҳокимлиги
Фото: Давлатобод тумани ҳокимлиги

Лойиҳа таклифларидан кўринадики, электр тармоғи ҳимоя зонасида қатор савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини, болалар комплексларини қуриш режалаштирилган. Хабарда бундан мақсад янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий аҳолига даромад келтириш ва ҳудуднинг умумий инфратузилмасини яхшилаш экани айтилган.

Давлатобод туманининг қоқ марказида жойлашган бу ҳудуд 2023 йилнинг март ойида лотларга бўлинган ҳолда Солиқ қўмитаси буюртмачилигида аукцион савдоларига чиқарилган.

Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидаларига кўра, юқори кучланишли электр энергияси тармоғи муҳофаза зонасида қурилиш ишларини амалга ошириш тақиқланган.

Хусусан, электр узатиш ҳаво линияларининг муҳофаза зонасида болалар ва спорт майдончаларини, стадионларни, бозорларни, савдо шохобчаларини, дала шийпонларини, моллар учун қўраларни, ҳар қандай турдаги машина ва механизмлар учун гаражлар ва турар жойларни жойлаштириш, ўрнатилган тартибда рухсат этилган ишларни бажариш билан боғлиқ бўлмаган кўплаб одамлар йиғилиши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай тадбирларни ўтказиш мумкин эмас.

Kun.uz ҳолатга изоҳ олиш мақсадида Давлатобод тумани ҳокимининг матбуот котиби Ойбек Нарзуллаев билан боғланди. Унинг айтишича, ер участкалари тегишли ташкилотларнинг хулосалари асосида аукционга чиқарилган.

Вазиятдан туман ҳокимининг хабари бор, лойиҳалар электр тармоғининг тагидан маълум масофада сурилган. Тармоқ тагида пиёдалар йўлаги бўлади. Қурилишни тадбиркорлар бошлаяпти, биз белгиланган лойиҳалардан ташқарига чиқиб кетмасликларини, дарахт ва кабелларга зиён етказмаслигини назорат қилиб турамиз”, деди Ойбек Нарзуллаев.

Kun.uz'нинг “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Наманган ҳудудий филиалидаги манбасига кўра, ҳудуддан ўтган электр тармоғи 110 kV кучланишга эга. У ерда қурилиш ишларини олиб бориш учун электр таъминоти корхонасидан ҳеч қандай техник хулоса ҳам, рухсат ҳам олинмаган.

Қоидаларга кўра, 110 kV кучланишга эга электр тармоғининг муҳофаза зонаси 20 метр ҳисобланади. Аммо қурилиш ишлари бошланган ҳудудда бунча масофа йўқ: электр тармоғининг бир томони йўл, иккинчи томони эса аҳоли хонадонларидан иборат. Шу сабабли, бу ерда инсонлар тўпланиши мумкин бўлган хизмат ва сервис кўрсатиш шохобчаларини қуриш ўта хавфли ҳисобланади.

Top