Ўзбекистон | 19:38 / 08.10.2024
3865
3 дақиқада ўқилади

“2030 йилга бориб газ импорти 10-11 млрд куб метрга етиши мумкин” — энергетика вазири

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра, Устюртдаги геологик ишлар кутилганидек бўлмаса, Ўзбекистонга хориждан газ импорт қилиш 2030 йилга бориб 10-11 млрд кубметрга етиши мумкин. Вазир айни пайтдаги ички қазиб олишнинг пасайиб бораётганини ўз вақтида геология-қидирув ишлари олиб борилмагани, янги конни очиб, уни ўзлаштиришга 3 йилдан беш йилгача вақт кетиши билан изоҳлади. Шунингдек, ишлаб турган конларнинг ишдан чиқиши 85 фоизга етган.

Фото: Kun.uz

Ўтган йилда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида табиий газ қазиб олиш ҳажмини йилига 62 млрд кубга етказиш вазифаси қўйилганди. Бу – ишлаб чиқариш ҳажми 7 йил ичида 33 фоизга ошиши кераклигини англатади. Лолазор подкастининг навбатдаги сонида иқтисодчи Отабек Бакиров энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга ички қазиб чиқаришни ошириш бўйича режалар, шунингдек, импорт яна қанчагача оширилиши мумкинлиги ҳақида савол берди.

“Табиий газни истеъмолчиларга етказиб бериш ошиб боряпти. Бу табиий, чунки иқтисодиёт ва аҳоли сони ўсяпти. Бизнинг 2030 йилгача қилган режамизда табиий газ импорти 10-11 млрд куб метр бўлиши кўзда тутилган. Сабаби янги конни очиб, уни ўзлаштиришга 3 йилдан 5 йилгача вақт кетади. Ўз вақтида геология-қидирув ишлари олиб борилмаган. Конларимизнинг ишдан чиқиши 85 фоизга етди. Эътибор берсангиз, деярли барча конларда сиқув компрессор станциялари ўрнатилган. Ҳатто энг кўп газ қазиб олинадиган Устюрт ҳудудида ҳам самарадорликни ошириш учун сиқиш компрессор станциялари қурилмоқда. Биринчидан, Устюртнинг геологияси жуда мураккаб чиқяпти. Сургил лойиҳасини амалга оширишда Американинг DeGolyer and MacNaughton компанияси келган, у захираларни, конни ўзлаштириш лойиҳасини тўлиқ аудит қилган. Ҳаммаси тасдиқлаб берилгандан кейин кредит берувчилар ва банклар томонидан лойиҳани молиялаштириш назарда тутилади. Ҳаттоки, DeGolyer томонидан кўрсатилган нарсалар ҳам ўз тасдиғини топмади. Сабаби кон жуда мураккаб”, деди вазир.

Мирзамаҳмудовнинг таъкидлашича, Устюртдаги геологик ишлар натижасига қаралади. Агар натижалар яхши бўлса, прогноз қилинаётган 10-11 млрд кубметр газ импорти камаяди, акс ҳолда бу миқдор сақланиб қолади.

Ўзбекистон пандемия давридан бошлаб хорижга газ сотишни кескин камайтирган бўлса-да, ишлаб чиқаришнинг тўхтовсиз қисқариб бориши ва ички талабнинг ошиши туфайли газ импорт қилишга муҳтожлик юзага келди. Натижада Россияга энергетик боғлиқлик сезиларли кучаймоқда. Йил бошидан буён Ўзбекистоннинг газ импорти қиймати миллиард долларга етган.

Мавзуга оид