Москва суди россиялик генерални ўлдиришга гумонланаётган Ўзбекистон фуқаросини ҳибсга олди. Суд мажлиси ёпиқ тарзда ўтказилди
Москванинг Басманний суди генерал Игор Кирилловни ўлдиришда гумонланаётган Аҳмад Қурбоновни икки ой муддатга ҳибсга юборди. Унга нисбатан «терроризм ва қуролнинг қонунга хилоф муомаласи» моддалари бўйича расмий айбловлар қўйилди.
Москванинг Басманний суди Россия Қуролли кучлари радиация, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игор Кирилловни ўлдиришда гумонланаётган Ўзбекистон фуқароси Аҳмад Қурбоновни ҳибсга олиш бўйича қарор қабул қилди.
Қайд этилишича, Қурбонов икки ой муддатга ҳибсга олинган. «Интерфакс»нинг суд маълумотларига таяниб ёзишича, унга нисбатан «терроризм ва қуролнинг қонунга хилоф муомаласи» моддалари бўйича расмий айбловлар қўйилган. «ТАСС» манбаси аввалроқ Қурбонов «қотиллик» моддаси бўйича айбланаётганини таъкидлаганди.
Тергов тегишли тартибда илтимоснома билан мурожаат қилгани боис суд мажлиси ёпиқ тарзда ўтказилган.
Россия Федерацияси қуролли кучлари радиация, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинлари бошлиғи, генерал-лейтенант Игор Кириллов ва унинг ёрдамчиси 17 декабр куни тонгда Москва шаҳри Рязанск проспектидаги уйи олдида рўй берган портлаш оқибатида ҳалок бўлганди. Тергов маълумотига кўра, қўлбола портловчи қурилма уй подъезди ёнида турган электр самокатга ўрнатилган.
18 декабр куни Россия Тергов қўмитаси ФХХ ва ИИВ ҳамкорлигида Ўзбекистоннинг 29 ёшли фуқаросини террорчилик ҳужуми содир этишда гумон қилиб, қўлга олди. У сўроқ пайтида Украина махсус хизматлари томонидан ёллангани, бунинг учун 100 минг доллар миқдорида пул мукофоти ва Европа давлатларидан бирига яшаш учун чиқиши кафолатланганини айтган.
Мавзуга оид
23:27 / 19.12.2024
Шавкат Мирзиёев россиялик генералнинг ўлими муносабати билан Путинга ҳамдардлик билдирди
08:30 / 19.12.2024
Трампнинг махсус вакили: Кирилловни ўлдириш - ақлли иш эмас
12:00 / 18.12.2024
Москвада россиялик генерал ўлдирилишида Ўзбекистон фуқароси гумонланмоқда
11:05 / 17.12.2024