Фан-техника | 00:13
574
2 дақиқада ўқилади

Хитойлик тайконавтлар очиқ космосга чиқиш бўйича рекорд ўрнатди

Фото: CGTN

Хитойлик икки нафар тайконавт очиқ космосда тўққиз соат ишлади. Бу очиқ космосда энг кўп вақт ўтказган америкалик астронавтлар рекордидан икки соатга кўп.

Хитойлик икки нафар тайконавт миллий орбитал станция бортидан очиқ космосга чиқиб, у ерда тўққиз соат қолди ва рекорд ўрнатди. Бу ҳақда ХХР Бошқарилувчи парвозлар бошқармаси (CMSA) хабар берди.

Қайд этилишича, бу Халқаро космик станция бортидан очиқ космосда энг кўп вақт ўтказган америкалик астронавтлар рекордидан икки соатга кўп.

Таъкидланишича, очиқ космосга чиқиш муваффақиятли якунланган. Цай Сюйчжэ ва Сун Линдун бу вақт давомида кўплаб вазифаларни бажаришга, жумладан, космик чиқиндидан ҳимоя қурилмасини ўрнатишга муваффақ бўлган. Тайконват Ван Хаоцзэ эса орбитал станция бортидан уларнинг ишига кўмаклашиб турган.

Тайконавтлар Цай Сюйчжэ, Сун Линдун ва Ван Хаоцзэ (станция экипажи таркибидаги биринчи аёл) Хитой орбитал лабораторияси бортига 30 ноябр куни «Шэнчжоу-19» космик кемасида учиб келганди. Миссия доирасида улар станцияда олти ойга яқин фаолият ютиради — 2025 йил апрел охири ёки май бошида улар ерга қайтади.

«Шэнчжоу-19» миссияси ҳисоб бўйича «Тянгун» станциясига амалга оширилган саккизинчи экспедиция ҳисобланади. Орбитал лабораторияга биринчи бошқарилувчан миссия 2021 йилда амалга оширилган эди.

Хитой космик станцияси ердан 400 километр баландликдаги орбитада жойлашган бўлиб, у ерда бир вақтнинг ўзида уч нафар тайконавт ишлай олади, аммо экипажларнинг алмашинуви вақтида станция олти кишини ҳам қабул қилиши мумкин. «Шэнчжоу-19» миссияси доирасида илмий экспериментлар ва техник вазифаларни бажариш учун яна бир неча бор очиқ космосга чиқиш режалаштирилган.

Мавзуга оид