Люксембург герцоги кейинги йил тахтдан воз кечмоқчи эканини маълум қилди
Люксембургнинг буюк герцоги Анри 24 йиллик бошқарувдан кейин ҳокимиятни ўғли Гийомга топширмоқ эканини эълон қилди.
Люксембургнинг буюк герцоги Анри кейинги йил тахтдан воз кечмоқчи эканини маълум қилди. Унинг айтишича, тўнғич ўғли Гийом 2025 йил 3 октябрдан бошлаб давлат раҳбарлиги мажбуриятларини ўз зиммасига олади.
«Мен охирги марта давлат раҳбари сифатида рождество нутқини сўзламоқдаман», — дейди герцог.
«Ортга назар ташлар эканман, ўтган қарийб 25 йилимга миннатдорчилик ва тавозе билан қарайман. Бу Люксембург ривожланишга эришган давр бўлди ва мен сизлар билан бирга ушбу саёҳатнинг бир қисми бўлганимдан хурсандман», — дея таъкидлайди у.
Буюк герцог Анри 69 ёшда. У герцог Жан ва буюк герцогиня Жозефина-Шарлоттанинг тўнғич фарзанди. Анри Люксембург тарихидаги тўққизинчи буюк герцог ва Европадаги 12 монархдан бири ҳисобланади. У 2000 йилда, отаси 36 йиллик бошқарувдан кейин тахтни топширганида ҳокимият тепасига келган. Герцог Жан 2019 йилнинг апрелида 98 ёшида вафот этган.
Герцог Анри асли кубалик бўлган Мария Терезага уйланган. Жуфтликнинг беш нафар фарзанди бор: Гийом, Феликс, Луи, Александра ва Себастян. 2020 йилнинг январида у маҳаллий ОАВга очиқ мурожаат билан чиқиб, рафиқасини танқид қилишларини тўхтатишни сўраган. RTL нашри герцогиня «хоҳлаганини қилиши» ва «ҳеч ким унга қаршилик кўрсатмаслиги» ҳақида ёзган. Letzebuerger Land нашри у сарой ходимларига нисбатан ҳурматсизлик қилиши, Daily Mail эса 2015 йилдан бери саройнинг 50 дан ортиқ ишчиси ишдан бўшаб кетгани тўғрисида хабар берган.
Мавзуга оид
11:30 / 15.08.2024
Фридман Люксембургдан 16 млрд доллар талаб қиляпти
07:55 / 23.05.2024
Фридман Люксембургдан қарийб 16 млрд доллар талаб қилмоқда
08:11 / 04.09.2023
Ўзбекистон-Люксембург ўртасида илк сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди
23:27 / 30.07.2021