Жаҳон | 12:31 / 26.12.2024
6505
3 дақиқада ўқилади

Краснодар ўлкасида мазут тўкилиши сабабли фавқулодда ҳолат жорий этилди

Анапа яқинида мазутнинг тўкилиши «давом этяпти ва тўхтамаяпти», деди ўлка губернатори Вениамин Кондратев. Воқеа жойида минглаб кўнгиллилар бор.

Фото: Дмитрий Феоктистов / ТАСС

Краснодар ўлкасида Қора денгиздан мазут келиши давом этаётгани сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бу ҳақда 25 декабр, чоршанба куни минтақа губернатори Вениамин Кондратев маълум қилди. «Афсуски, Анапа ва Темрюк минтақаси қирғоқларига нефт маҳсулотларининг тўкилиши узоқ давом этяпти ва тўхтамаяпти, дастлаб олимлар ва мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мазутнинг асосий қисми Қора денгиз тубида қолиши керак эди, бу уни сувда тўплашга имкон берарди, аммо об-ҳаво туфайли ҳаво исиб, нефт маҳсулотлари юқорига кўтариляпти. Натижада улар бизнинг пляжларимизга чиқиб келяпти», - деб ёзди Кондратев.

«Ҳозиргача Анапа ва Темрюк райони расмийлари томонидан жорий этилган фавқулодда ҳолат амал қилиб келаётганди. Аммо вазият кескинлигича қолмоқда. Бугундан бошлаб ўлкада фавқулодда ҳолат режимини жорий этишга қарор қилдим», — дея қўшимча қилди расмий.

У «илк кунларданоқ ёрдамга келган кўнгиллилар ва ўлка аҳолисига» миннатдорчилик билдирди. Ҳозирда бутун Россия бўйлаб кўнгиллиларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштирган «Разлив нефти в Черном море» Telegram-каналида аллақачон 95 мингдан ортиқ иштирокчи бор. Одамлар мустақил равишда пляжлардан мазутни қопларга йиғиб, олиб кетишяпти, шунингдек, жабрланган ҳайвонларга ёрдам беришяпти.

РФдаги танкерлар ҳалокати: ифлосланиш 200 минг тоннага етиши мумкин

Керч бўғозида Россия танкерлари ҳалокатга учраганидан кейин мазут билан ифлосланган тупроқ ҳажми 200 минг тоннагача ошиши мумкин. Бу ҳақда 23 декабр куни Россия Федерацияси табиий ресурслар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Александр Козлов авария оқибатларини бартараф этишга бағишланган йиғилишда маълум қилди.

«Биз ҳозирда 14 минг тонна ҳақида гапиряпмиз. Мутахассислар прогноз қилаётган ҳажм 200 минг тоннага етиши мумкин», — дейди у.

«Олимларнинг ёрдамига умид қиламан, улар менга қандай ҳаракат қилиш кераклигини, денгизда қандай реагентлардан фойдаланишни айтишлари керак. Танкерлар эса ғаввослар иштирокида текширилиши керак», — дея Козловнинг сўзларидан иқтибос келтиради "Интерфакс" агентлиги.

Мавзуга оид