Жаҳон | 22:49 / 27.12.2024
1718
2 дақиқада ўқилади

АҚШ «Гуржистон орзуси» етакчиси Бидзина Иванишвилига қарши санкциялар жорий этди

Иванишвили АҚШ Хорижий активларни назорат қилиш бошқармасининг SDN-рўйхатига киритилди. У «Россия манфаатлари йўлида Гуржистоннинг демократик келажагига путур етказишда» айбланмоқда.

Фото: Getty Images

АҚШ «Гуржистон орзуси» етакчиси миллиардер Бидзина Иванишвилига қарши санкциялар жорий этди. Бу ҳақда мамлакат Молия вазирлигининг сайтида эълон қилинди.

«Биз Иванишвили бошчилигидаги «Гуржистон орзуси» ҳаракатларини, жумладан, Гуржистон фуқароларига, намойишчилар, ОАВ вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат етакчиларига қарши давом этаётган зўравонлик репрессиясини кескин қоралаймизл, — дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, Иванишвили АҚШ Хорижий активларни назорат қилиш бошқармасининг (OFAC) SDN-рўйхатига (Special Designated Nationals List) киритилган.

Ушбу санкцияларга кўра, Иванишвилининг АҚШ юрисдикцияси остида бўлган барча активлари музатилади. АҚШ «Гуржистон орзуси» етакчисини «Россия Федерацияси манфаатлари йўлида Гуржистоннинг демократик ва евроатланик келажагига путур етказишда» айбламоқда.

2024 йил ноябрда ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси 2028 йилга қадар иттифоққа қўшилиш бўйича музокаралар жараёни тўхтатилганини маълум қилди. Шундан кейин Тбилисида норозилик намойишлари бошланди ва уларни бостириш учун куч тузилмалари водомёт ҳамда кўзни ёшлантирувчи газлардан фойдаланди. Бир қатор давлатлар, жумладан, Буюк Британия, Латвия, Литва, Эстония ва Украина гуржистонлик амалдорларга қарши санкциялар жорий этди.

Мавзуга оид