Трамп илгари сураётган оммавий депортация 86 млрд долларга баҳоланмоқда
АҚШ Чегара хизматининг бўлажак раҳбари Томас Ҳоман ноқонуний миграцияга қарши курашни «миллий хавфсизлик»ка боғлади. Унинг айтишича, Трамп администрацияси оилаларни парчалаш эмас, балки уларни биргаликда депортация қилиш ниятида.
АҚШ Чегара хизматининг бўлажак раҳбари Томас Ҳоман оммавий депортация биринчи навбатда «миллий хавфсизлик» билан боғлиқ эканини маълум қилди, деб ёзади The Economist Times.
Томас Ҳоманнинг қайд этишича, Оқ уй оммавий депортация учун Конгрессдан 86 миллиард доллар сўрайди. Унинг айтишича, бу келажакда америкалик солиқ тўловчиларнинг пулларини тежаб қолишга хизмат қилади. Ҳоманнинг сўзларига кўра, АҚШ ҳозирда ноқонуний мигрантларнинг бепул авиачипталари, меҳмонхона номерлари, тиббий ёрдами, озиқ-овқат ва таълим тизими учун миллиардлаб доллар сарфламоқда.
«Сиз миллий хавфсизликни қанчага баҳолайсиз? Унинг нархи бор деб ўйламайман. Ўз фарзандларини кўмган минглаб америкалик ота-оналарни қанчага баҳолайсиз? Сиз парчаланган оилалар ҳақида гаплашмоқчисиз, улар ўз фарзандларини кўмдилар, чунки бу ерда бўлиши керак бўлмаган ноқонуний мигрантлар уларнинг фарзандларини ўлдирди...», — дейди Ҳоман.
Чегара хизматининг бўлажак раҳбарига кўра, Трамп администрацияси оилаларни парчалаш эмас, балки уларни биргаликда депортация қилиш ниятида. Ноқонуний мигрантларнинг фарзандлари АҚШ фуқаролигидан маҳрум қилинмайди, аммо улар кейинги қарорлар қабул қилингунича реабилитация марказларига жойлаштирилади.
Томас Ҳоман, шунингдек, мамлакатда туғилган чақалоққа АҚШ фуқаролиги берилишини танқид қилиб, бу ноқонуний мигрантларни «қонунлар қаршисида дахлсиз» қилмаслигини таъкидлади.
Аввалроқ Доналд Трамп депортация сиёсатини амалга оширишнинг биринчи босқичида бир миллион мигрантни мамлакатдан чиқариб юборишни режалаштираётгани тўғрисида хабар берилганди. Миграция сиёсати институти томонидан тўпланган маълумотлар сўнгги 10 йил ичида Қўшма Штатлардан депортация қилинганларни қабул қилган ўнта давлат Лотин Америкасида эканлигини кўрсатган. Биргина Мексиканинг ўзи камида 1,7 миллион кишини қабул қилган, бу бошқа тўққиз мамлакатни жамлагандан кўра кўпроқ.
Мавзуга оид
08:56
АҚШ Украинага 1,25 млрд долларлик ёрдам пакетини тайёрламоқда
07:50
АҚШ AZAL лайнери Россия ҲҲМ зарбаси туфайли ҳалокатга учрагани белгиларини кўрмоқда
22:49 / 27.12.2024
АҚШ «Гуржистон орзуси» етакчиси Бидзина Иванишвилига қарши санкциялар жорий этди
18:33 / 26.12.2024