Жаҳон | 23:22 / 28.12.2024
1692
2 дақиқада ўқилади

Доналд Трамп АҚШ Олий судини TikTokʼнинг блокланишини кечиктиришга чақирди

АҚШнинг янги сайланган президенти 2025 йил 19 январ кунидан бошлаб мамлакатда блокланадиган TikTok ижтимоий тармоғига оид муаммони сиёсий йўл билан ҳал этиш ниятида.

Фото: Alamy

АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп Хитойнинг TikTok ижтимоий тармоғига нисбатан эътирозларни сиёсий йўл билан ҳал этиш ниятида. У мамлакат Олий судини ижтимоий тармоқнинг АҚШда тақиқланишига оид қонунни тўхтатиб туришга чақирди.

«У [Трамп] ҳурмат билан судни 2025 йил 19 январда кучга кирадиган қонунни тўхтатиб туришга чақиради. Бу янги администрацияга ушбу жараён бўйича муаммоларни сиёсий йўл билан ҳал этиш имконини беради», — дейилади Трампнинг адвокати Жон Сауэрнинг баёнотида. Унинг сўзларига кўра, Трамп ижтимоий тармоқ баҳсида ҳеч бир томоннинг позициясини эгалламаган.

TikTok Хитойнинг ByteDance компаниясига тегишли. Апрелда президент Жо Байден ижтимоий тармоқнинг блокланишини таъминлайдиган қонунни имзолаган эди. Ўз навбатида Трамп ижтимоий тармоққа нисбатан «яхши муносабатда» эканини билдирган. Унинг таъкидлашича, TikTokʼнинг ёш фойдаланувчилари овози унга сайловда ғалаба қозонишига ёрдам берган. 2020 йилги президентлик даврида Трампнинг ўзи TikTokʼка нисбатан санкциялар қўллаш ташаббуси билан чиққан эди.

Аввалроқ АҚШ Федерал апелляция суди Хитойнинг ByteDance компанияси зиммасига 2025 йил 19 январга қадар TikTok платформасини сотиш мажбуриятини юклаганди. Акс ҳолда платформа АҚШ ҳудудида блокланади. ByteDance’нинг апелляция даъвосида қисқа видеолар сервисига қўйилаётган тақиқ АҚШ конституциясининг сўз эркинлиги тўғрисидаги биринчи тузатишини бузаётганини қайд этган. Аммо суд ушбу асосга қўшилмаган.

Шунингдек, Канада ҳам TikTok видеосервисидан миллий хавфсизлик нуқтайи назаридан мамлакатдаги TikTok Technology Canada Inc бўлинмаси фаолиятини тўхтатишни талаб қилган. Шу билан бирга, Канада ҳукумати TikTok иловаси ишини блоклаш ниятида эмас: ундан фойдаланиш бўйича қарорни фойдаланувчиларнинг ўзлари қабул қилиши керак.

Мавзуга оид