Жаҳон | 23:30 / 07.11.2024
2590
2 дақиқада ўқилади

Канада TikTokʼдан мамлакатдаги бўлинмасини ёпишни талаб қилди

Шу билан бирга мамлакат ҳукумати TikTok иловаси ишини блоклаш ниятида эмас: ундан фойдаланиш бўйича қарорни фойдаланувчиларнинг ўзлари қабул қилиши керак.

Фото: Reuters

Канада TikTok видеосервисидан миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан мамлакатдаги TikTok Technology Canada Inc бўлинмаси фаолиятини тўхтатишни талаб қилди. Шу билан бирга Канада ҳукумати TikTok иловаси ишини блоклаш ниятида эмас: ундан фойдаланиш бўйича қарорни фойдаланувчиларнинг ўзлари қабул қилиши керак.

Канада инновация, илм-фан ва саноат вазири Франсуа-Филипп Шампаннинг маълум қилишича, TikTok фаолиятини тўхтатишни талаб қилиш мамлакатнинг миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан хориж компаниясини текширишга рухсат берадиган инвестиция қонунига мос келади. TikTok мазкур қарор устидан судга шикоят қилишини билдирди.

Дунёнинг кўплаб давлатлари каби Канадада ҳам давлат муассасаларига тегишли гаджетларда TikTokʼдан фойдаланиш тақиқланади. АҚШ, Канада ва бошқа ғарб давлатларининг сервис борасидаги хавотири унинг Хитойни ByteDance компаниясига тегишли экани билан боғлиқ. Айрим махсус хизматларнинг фикрича, сервис ўз фойдаланувчилари ортидан жосуслик қилиши мумкин. Апрел ойида АҚШ президенти Жо Байден ByteDance мамлакат ҳудудидаги бизнесини 270 кун ичида, яъни 2025 йил 19 январга қадар сотмаса TikTokʼни блоклашга оид қонунни имзолаган эди.

Эслатиб ўтамиз, август ойида Европакомиссия TikTok платформасига рақамли хизматлар тўғрисидаги Европа қонунчилигини бузаётган TikTok Lite иловасидаги рағбатлантириш дастурини олиб ташлаш мажбуриятини юклаган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид