Жаҳон | 08:14 / 03.01.2025
5556
3 дақиқада ўқилади

Днестрбўйида деярли барча саноат корхоналари иши тўхтаб қолди

ДМР ҳукумати энергетика соҳасидаги вазият ижобий томонга ўзгаришига умид қилмоқда. Агар энергия инқирози давом этса, бу саноат сектори учун тузатиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин.

Днестрбўйида саноат корхоналари иши энергия ресурслари етишмаслиги туфайли тўхтатилди. Бу ҳақда 2 январ, пайшанба куни ҳукумат бош вазирининг биринчи ўринбосари, тан олинмаган Днестрбўйи Молдавия Республикаси (ДМР) иқтисодий ривожланиш вазири Сергей Оболоник маълум қилди. «Инқироз шунчалик оғирки, қайси корхоналар тўхтаганини санаб ўтишнинг ҳожати йўқ, фақат озиқ-овқат ишлаб чиқариш билан шуғулланадиганлар бундан мустасно», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради «Новости Приднестровья» Telegram-канали. Вазият Россия газини Украина орқали етказиб беришнинг тўхтатилиши билан боғлиқ.

ДМР ҳукумати 5 январдан кейин вазиятни батафсил таҳлил қилиши кутилмоқда, бунда фуқаролик секторида истеъмол қандай экани аниқ бўлади. «Биз энергия балансини қандайдир тарзда топиш учун маълум энергия харажатларини блоклаш ёки камайтириш орқали саноат агентларимизни қўллаб-қувватлаш имконини қидирамиз», деди Оболоник. Вазир энергетика соҳасидаги вазият ижобий томонга ўзгаришига умид билдирди ва агар энергия инқирози узоқ вақт давомида ҳал этилмаса, «қайтариб бўлмайдиган ўзгаришлар рўй бериши, яъни корхоналар ўз имкониятларини йўқотиши мумкин»лигини тушунтирди. 

Днестрбўйи аҳолиси иссиқлик, газ ва иссиқ сувсиз қолди

Россия газининг Украина орқали транзити тўхтатилгани сабабли тан олинмаган Днестрбўйи аҳолиси 1 январ кунидан бери газ, иссиқлик ва иссиқ сувсиз қолмоқда.

«Корхонанинг иссиқлик ишлаб чиқариш объектларига газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилиши муносабати билан 2025 йил 1 январ соат 7.00 дан бошлаб аҳолини иситиш учун иссиқлик энергияси ва иссиқ сув билан таъминлаш тўхтатилади», — дейилади «Тирастеплоэнерго» компанияси хабарида. Фақатгина шифохоналар учун истисно қилинган.

Ҳозир Тираспол ва унинг атрофида кундузи +7°C, кечаси эса -2°C атрофида. Фуқароларга иссиқ сув жўмракларини очмаслик ва батареялар ичидаги сувни тўкмаслик тавсия қилинди. Иситиш учун электр иситгичлардан фойдаланиш, дераза ва эшиклардаги ёриқларни ёпиш, уларни адёл ва пардалар билан ёпиш таклиф этилган. «Иссиқ кийининг ва ўткир респираторли инфекциялар ва гриппдан профилактика дори-дармонларини қабул қилинг», дея қўшимча қилди «Тирастеплоэнерго».

Мавзуга оид