Россиянинг Молдова билан газ уруши: Днестрбўйида иситиш йўқ, юзлаб корхоналар ёпилиб, минглаб кишилар ишсиз қолди
1 январдан Молдовадаги россияпараст кучлар назоратидаги Днестрбўйи анклавида иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти ўчирилди. Бунга Россия гази Украина орқали Шарқий Европа мамлакатларига транзит қилиниши тўхтатилгани ва Россия қарзи тўпланиб қолган Молдовага етказиб беришни давом эттиришдан бош тортгани сабаб бўлмоқда.
Днестрбўйидаги «Тирасполтрансгаз» компанияси маълумотига кўра, янги йилнинг биринчи кунида қарийб 75 минг уй хўжалиги газсиз қолган. Яна 116 минг истеъмолчи газни қисқартирилган ҳажмларда олади. Гап асосан кўп қаватли уйлар аҳолиси ҳақида бормоқда.
Днестрбўйидаги жами аҳоли сони 450 минг киши атрофида.
Шунингдек, Днестрбўйи билан туташган, аммо расмий Кишинёв назорати остидаги «хавфсизлик зонаси» деб аталадиган ҳудудда жойлашган 11 та аҳоли яшаш манзили ҳам газ ва иссиқлик таъминотисиз қолган.
BBC рус хизматининг Тирасполдаги суҳбатдоши (Днестрбўйи маркази) Марина 2 январ куни шаҳардаги айрим дўконлар очилгани ва одамлар адёл ва бошқа ёпинчиқларни ёппасига сотиб олаётганини айтган.
Шунингдек, унинг сўзларига кўра, тайёр озиқ-овқат маҳсулотларига талаб юқори: печене, пряник, булочка маҳсулотлари, пишлоқ ва шу кабилар.
Марина бир кечада нон нархлари сезиларли даражада ўсгани, пайшанба тонгига келиб танлов жуда кам қолганини ҳам қўшимча қилган.
Унинг сўзларини маҳаллий нашрлар хабарлари ҳам тасдиқлайди: энг оммабоп батон бир кунда 45 копейкага қимматлаган ва энди унинг нархи 5 рупия 45 копейкани ташкил этмоқда (Днестрбўйи Молдованинг расмий валютасидан фарқли бўлган ўз валютасидан фойдаланади).
Днестрбўйида юзлаб корхоналар ёпилган ва минглаб кишилар ишсиз қолган. Улар билан меҳнат шартномалари ўз кучида қолмоқда, аммо ишчиларга мажбуран ишсиз қолгани учун компенсация қандай тўланиши ҳозирча аниқ эмас.
«Инқироз шу қадар оғир характердаки, қайси корхоналар ишдан тўхтаганини алоҳида санаб чиқишга ҳожат йўқ. Барча саноат корхоналари ишламай турибди, фақат Днестрбўйининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминловчи озиқ-овқат корхоналари бундан мустасно. Бошқа корхоналарга, саноат сектори учун энергетика ресурслари йўқ», — деган пайшанба куни тан олинмаган Днестрбўйи Молдова республикаси иқтисодий тараққиёт вазири Сергей Оболоник.
Маҳаллий расмийларга кўра, ҳудуддаги 150 та болалар боғчаси ва 130 та мактаб иссиқлик таъминотисиз қолган, бу эса ушбу муассасаларда таҳсил олувчи болалар янги йил таътилларидан қайтишини савол остида қолдиради.
Шу билан бирга, Оболоник вазият ҳали бошқариш ва прогноз қилиш мумкин бўлган босқичда эканини айтган, лекин корхоналар фаолиятидаги узоқ муддатли танаффус уларнинг қайта ишга туширилишини қийинлаштиришини қайд этган.
Нима қилиш мумкин?
Reuters агентлиги Днестрбўйи ҳукумати раҳбари Вадим Красноселскийдан иқтибос келтирган, у вазият мураккаб бўлса-да, расмийлар унга тайёрланганини айтган.
«Вазият яхшиланмоқда. Ўзингиз, оилангиз ва яқинларингиз ҳақида қайғуринг», — деган у.
Аммо ҳозирча Днестрбўйи расмийлари инқирозли ҳолатга қандай тайёрлангани ва улар буёғига нима қилмоқчи экани номаълум.
Пайшанба тонгида «Молдовагаз» компанияси «Тирасполтрансгаз»га расмий мактуб йўллаган, унда «Днестр дарёсининг чап соҳилидаги аҳолини энергия манбалари билан таъминлаш учун бозор шароитида Европанинг исталган газ платформасида табиий газ сотиб олишни ташкил этиш»да ёрдам таклиф қилинган. Бу ҳақда «Молдовагаз» раҳбари Вадим Чебан ўз телеграм-каналида хабар қилган.
Мактубда қайд этилишича, табиий газ Молдова республикаси чегарасигача турли муқобил транспорт йўналишлари орқали етказиб берилиши мумкинлиги қайд этилган.
Бу таклифга Днестрбўйи расмийлари қандай реакция қилгани ҳақида маълум эмас.
Аввалроқ Днестрбўйи инқироз комиссияси йиғилишида ҳудуддаги газ захиралари айни вақтда 13 млн метр кубни ташкил этиши ва бу ўртача икки ҳафтага етиши маълум қилинганди.
Ҳозирча Днестрбўйи регионида электр энергияси ўчирилмади. Чап соҳилда жойлашган Молдова ГРЭС зудлик билан кўмирда ишлашга ўтган.
Экспертлар баҳоларига кўра, у Дубоссарский ГЭС билан биргаликда ҳудудни 50 кун мобайнида электр энергияси билан таъминлай олади.
Инқироз сабаблари
«Нафтогаз Украина» миллий акционерлик компанияси ҳамда Россиянинг «Газпром» компанияси ўртасида 2019 йил декабрида тузилган, газ етказиб бериш бўйича транзит келишуви муддати 2024 йил 31 декабрида тугади, Киев олдиндан уни узайтирмоқчи эмаслигини маълум қилганди.
Бу фонда, декабр ўрталарида Молдова ҳукумати мамлакат энергия соҳасида фавқулодда ҳолат режими жорий этди.
Киевнинг қарори Молдова, Словакия, Венгрия ва бошқа давлатларни газ билан таъминлашда муайян муаммолар келтириб чиқарди, аммо етказиб беришда муқобил вариантлар ҳам қолдирилган.
Аммо Молдова билан боғлиқ вазиятда Россиянинг ўзи таъминотни тўлиқ тўхтатишга қарор қилди.
28 октябр куни Россиянинг «Газпром» компанияси молдоваликларнинг «Молдовагаз» газ компаниясига Молдова томони тўлов мажбуриятларини мунтазам равишда бажармаслиги ва «йиғилиб қолган қарздорлик» туфайли Молдова республикасига газ етказиб бериш бутунлай тўхтатилиши ҳақида билдиришнома юборди.
Россия томони ҳисоб-китобларига кўра, Молдованинг газ учун қарзи 709 млн долларга етган. Молдова томони фақат 8,6 млн долларлик қарзи борлигини тан олади.
Шу куниёқ «Молдовагаз» раҳбари Вадим Чебан бу қадам биринчи навбатда Днестрбўйига таъсир қилиши, чунки Молдованинг ўнг соҳилдаги қисми (Кишинёв назоратидаги ҳудуд) учун унинг компанияси Европа бозорларидан 2025 йил апрелига қадар етадиган газ харид қилганини маълум қилди.
Россия ҳар йили 450 минг атрофида аҳоли яшовчи Днестрбўйига 2 млрд метр куб газ етказиб бериб келган.
СССР парчалангач ҳам Молдова Россия газига қарамлигича қолди ва мамлакат ҳукуматида Москвага мойил кучлар турганида у имтиёзли нархларда узлуксиз етказиб бериш давом этишига умид қилиши мумкин эди.
Майи Сандунинг Ғарбга мойил ҳукумати келганидан кейин Россия газ масаласидан сиёсий қурол сифатида фойдалана бошлади.
Молдова светсиз қоладими?
Аммо газ захира қилиб олинганига қарамай, Молдованинг ўнг соҳилдаги қисми учун барчаси кўнгилдагидек эмас.
Мамлакатнинг бу қисми электрсиз қолиши мумкин, чунки унинг истеъмолининг 70 фоизини чап соҳилдаги «МолдГРЭС» ишлаб чиқаради.
Ўз навбатида, «МолдГРЭС» Россия гази асосида ишларди.
Молдова қолган 30 фоизни Украинадан олган, ушбу мамлакат эса энди электр энергиясини экспорт қила олмайди, Россия қуролли кучлари унинг энергетика инфратузилмаларини вайрон қилган.
Молдова аҳолиси электр энергияси ўчирилишига тайёргарлик кўрмоқда. Хусусан, BBC рус хизматининг Кишинёвдаги суҳбатдошлари шаҳарда эрталаб ва кечқурун маълум соатларда лифтдан фойдаланишни тўхтатиш ҳақида ҳозирча норасмий маълумот тарқалганини айтиб беришган.
Айрим маълумотларга кўра, иқтисод қилиш учун Кишинёвда янги йил чироқлари 1 январ куниёқ ўчирилган.
Инқироз фонида 2 январ куни Молдова бозоридаги иккита йирик энергия оператори Миллий энергетикани тартибга солиш агентлигидан электр энергияси учун тарифларни ўртача 50 фоизга оширишни талаб қилган.
Агар бу рўй берса, оддий истеъмолчилар учун коммунал хизматлар учун тўлов ойига минг лейга ошади.
Энергия соҳасида нархлар ошиши сўнгги бор 2024 йил мартида кузатилганди.
Пайшанба куни Руминия энергетика вазири Себастян Бурджуа унинг мамлакати қўшниларни оғир аҳволда қолдирмаслигига ваъда берди.
«Биродарлар доимо биродарлар бўлиб қолади. Бизнинг миссия — елкадош бўлиш», — деган Бурджуа.
Руминия анчадан буён Молдовага электр энергия ва табиий газ экспорт қилиб келади, аммо Россияникига қараганда анча қимматроқ нархларда.
Руминия энергетика вазири Бухарест мамлакат қонунчилиги доирасида қўшни давлатни қўллаб-қувватлашнинг энг яхши йўлларини кўриб чиқишини маълум қилган.
Мавзуга оид
12:38 / 06.01.2025
Днестрбўйида аҳоли сув таъминоти билан боғлиқ муаммо ҳақида огоҳлантирилди
15:13 / 04.01.2025
Днестрбўйида электр энергиясини режали тарзда ўчириш бошланди
08:14 / 03.01.2025
Днестрбўйида деярли барча саноат корхоналари иши тўхтаб қолди
11:21 / 24.12.2024