Айиқ билан курашган боксчи Шаҳрам Ғиёсов жаримага тортилди
Ғиёсов Экология вазирлигига чақиртирилиб, унга нисбатан “ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш” моддаси билан маъмурий баённома тузилган. Спортчи узр сўраган.
Боксчи Шаҳрам Ғиёсов айиқ билан курашга тушгани учун жазоланди.
Экология вазирлигига кўра, спортчи “ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш” моддаси билан 3 БҲМ (1 млн 125 минг сўм) маъмурий жаримага тортилган. Маъмурий жавобгарлик кодексида ушбу қилмиш учун 3 БҲМдан 5 БҲМгача жарима кўзда тутилган.
Шаҳрам Ғиёсов вазирликка чақиртирилиб, тушунтириш берилган.
“Ўз навбатида, Шаҳрам Ғиёсов узр сўраб, ўз хатосини тушуниб етгани ва бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини таъкидлади”, – дейилади хабарда.
Видео иштирокчилари ва ташкилотчилардан тушунтириш хатлари олинган. Айиқ Фарғона ҳайвонот боғига топширилган.
Бокс бўйича жаҳон чемпиони ва Олимпиада кумуш медали совриндорининг айиқ билан курашга тушиб, уни бир неча марта йиқитгани, бу пайтда бир киши айиқнинг жиловидан ушлаб тургани акс этган видео ижтимоий тармоқларда танқидларга сабаб бўлганди.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамаси ўтган йили ноябрда қабул қилган қарорга асосан, 2025 йил 1 январдан эътиборан, жисмоний шахсларга бир қатор ёввойи ҳайвонларни, хусусан айиқларни сақлаш тақиқланган. Айиқлардан цирк томошаларини ўтказиш мақсадларида фойдаланиш ҳам ман этилди.
Мавзуга оид
00:13 / 29.12.2024
Боксчи Шаҳрам Ғиёсовнинг айиқ билан кураши тармоқларда эътирозларга сабаб бўлди
22:32 / 02.12.2024
Олимлар дори воситаларини ҳайвонларда синашни тўхтатишга хизмат қиладиган янги усулни топди
23:32 / 10.10.2024
Дунёда охирги 50 йилда ёввойи ҳайвонлар сони 73 фоизга қисқариб кетгани маълум бўлди
19:51 / 06.09.2024