АҚШ Гуантанамодаги 11 нафар маҳбусни озод этди
Гуантанамо қамоқхонасида сақлаб келинган яманлик маҳбуслар Ўмонга олиб борилади. 2001 йил 11 сентябр терактидан кейин ташкил этилган махсус қамоқхонада яна 15 киши қолмоқда.
АҚШ ҳукумати Гуантанамо қамоқхонасида ҳибсда сақлаб келинган 11 нафар маҳбусни озод этди. Мудофаа вазирлигига кўра, гап яманлик маҳбуслар ҳақида кетмоқда.
Идора маълум қилишича, «Қўшма Штатлар миллий хавфсизлиги манфаатлари» учун улар Яманга қўшни Ўмон давлатига юборилади. АҚШ администрацияси Гуантанамодаги маҳбуслар сонини қисқартириш ва ушбу қамоқхонани ёпиш мақсадига эришишда ёрдам берган Ўмон ҳукуматига миннатдорчилик билдиради.
The New York Times’нинг ёзишича, 11 нафар яманликка айбловлар эълон қилинмаган, аммо улар ўз ватанидаги фуқаролик уруши сабаб депортация қилинмай келинган.
2024 йил декабр ойида АҚШ президенти Жо Байден Гуантанамонинг тўрт нафар маҳбусини озод этганди. Ҳозирда ушбу қамоқхонада 15 маҳбус қолмоқда, улар орасида 2001 йил 11 сентябрдаги теракт ташкилотчиларидан сифатида гумонланган Ҳолид Шайх Муҳаммад ҳам бор.
У икки шериги билан ўтган йилнинг июл охирларида тергов билан келишувга эришишга уринган эди. Аммо Пентагон раҳбари Ллойд Остин судгача бўлган келишувни бекор қилганди.
2001 йилда АҚШга террорчилик ҳужуми
2001 йил 11 сентябрдаги теракт — АҚШ тарихидаги энг йириги, унда 3000 га яқин киши ҳалок бўлган. Террорчилар ўғирлаб кетилган учта йўловчи самолётини Ню Йоркдаги Бутунжаҳон савдо маркази ва Вашингтон яқинидаги Пентагон биносига олиб бориб урган. Тўртинчи самолёт Пенсилванияда ҳалокатга учраган.
Гуантанамо қамоқхонаси 2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан кейин АҚШ президенти Жорж Буш даврида террорчиликда гумон қилинганларни судсиз ушлаб туриш учун ташкил этилган. Унинг энг «гавжум» пайтида у ерда 800 га яқин одам бор эди. Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари узоқ вақтдан бери лагерни ёпишга чақириб келишган, бироқ оз сонли маҳбуслар ҳамон у ерда сақланмоқда.
Мавзуга оид
20:17 / 07.01.2025
АҚШда ўлимга ҳукм қилинган икки маҳбус Байденнинг жазони енгиллаштириш борасидаги таклифини рад этди
21:32 / 04.01.2025
Мянма ҳарбий хунтаси 6 мингга яқин маҳбусни озод этади
22:25 / 02.01.2025
Саудия Арабистонида гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланган олти нафар Эрон фуқароси қатл этилди
20:17 / 01.01.2025