Стюардессага шилқимлик қилган эркак 5 суткага қамалди
Сочи – Тошкент йўналишидаги самолётда учиб келаётган эркак “Uzbekistan Airways” АЖ авиакомпанияси борт кузатувчисига тегажоғлик қилган. Стюардессанинг танбеҳига қарамай у ушбу ҳаракатини тўхтатмаган. Суд қарори билан эркакка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Самолёт бортида стюардессага шилқимлик қилган эркак маъмурий жазога тортилди.
Kun.uz ўрганган суд қарорида келтирилишича, ҳолат 2024 йилнинг 31 декабр куни Сочи – Тошкент йўналишида учиб келган самолёт бортида кузатилган. 1985 йилда туғилган Ж.Э. ушбу рейсда учиб келаётиб, маст ҳолда стюардессанинг танасини ушлаб, унга нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилган.
Ж.Э. судда айбига иқрорлик билдирмаган ҳамда қўлидаги нарсаси полга тушиб кетганини, уни олаётганда стюардессага тегиб кетганини билдирган.
Стюардесса эса Ж.Э. маст ҳолда бир неча маротаба унинг ёнбошига қўли билан тегиниб, шилқимлик қилганини айтган.
“Унга бундай ҳаракатларни тўхтатишни сўраб танбеҳ бердим. Бироқ Ж.Э. ҳаракатларини тўхтатмади, бошқа йўловчиларга хизмат кўрсатишимга тўсқинлик қилиб, менга қўпол муомалада бўлишда давом этди. Унга қонуний чора кўришни сўрайман”, деган у судда.
Жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг 2025 йил 7 январдаги қарорига кўра, Ж.Э. МЖтКнинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган. Унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Олдинроқ Тошкент вилоятида тиш даволатишга келган бемор шифокор шилқимлигига учрагани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
20:39 / 28.12.2024
Тошкентдан Остонага учган рейс ортга қайтарилди
16:05 / 17.12.2024
Uzbekistan Airways ва Silk Avia монополистлар рўйхатига киритилди
16:06 / 11.12.2024
Форишда 64 ёшли эркак ўқитувчи вояга етмаган ўқувчи қизга шилқимлик қилди
11:45 / 06.12.2024