Ўзбекистон | 20:01
19767
6 дақиқада ўқилади

16 йиллик рекорд: энг кўп ишонч билдирилган ҳокимлар

Ўзбекистонда ҳоким лавозими жорий этилганига 33 йил тўлди. Ўтган давр мобайнида 6 нафар арбоб 10 йил ва ундан кўпроқ муддат ҳудуд раҳбари лавозимида бўлди, улардан бири вилоят ҳокими лавозимига 16 йил давомида лойиқ кўрилди. Шунингдек, 3 нафар ҳоким 3 тадан вилоятни бошқаргани билан ажралиб туради.

Ўзбекистонда ҳоким лавозими 1992 йил 4 январда таъсис этилган. Араб тилидан кириб келган бу сўз “ҳукм, фармон берувчи” маъноларини англатади.

Ҳозир мамлакатда жами 221 нафар ҳоким фаолият олиб бормоқда. Шундан 13 нафари пойтахт ва вилоятларга, 208 нафари эса – туман (шаҳар)ларга раҳбарлик қиляпти. Янги Тошкент тумани ташкил этилиши билан, жами ҳокимлар сони 222 нафарга етади.

Биз ҳоким лавозими жорий этилганига 33 йил тўлиши муносабати билан, энг узоқ вақт вилоят ҳокими ёки Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати раиси лавозимида ишлаган арбобларга эътибор қаратамиз.

Энг кўп ишонч билдирилган ҳокимлар

Ўзбекистонда энг узоқ йил вилоят ҳокими лавозимида ишлаган мансабдор бу – Эркинжон Турдимов. У жами 16 йил давомида вилоят ҳокими лавозимида бўлди: 8 йил Навоий (2008-2016 йиллар), 2 йил Сурхондарё (2016-2018 йиллар), 6 йил Самарқанд (2018-2024 йиллар) вилоятларини бошқарди.

Турдимовдан ташқари, яна икки ҳоким 3 та вилоятни бошқарган. Булар: Зойир Мирзаев (Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари, жами 10 йилдан ортиқ) ва Туроб Жўраев (Сурхондарё, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари, жами қарийб 6 йил).

Битта вилоятда узоқ вақт раҳбарлик қилиш бўйича мутлақ рекордчи – Самойиддин Ҳусейнов. У Бухоро вилоятини 1996 йилдан 2011 йилгача, яъни 15 йил бошқарган.

Ҳусеновнинг рекордини яқин йилларда Андижон вилоятининг амалдаги ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов янгилаши мумкин. У ҳозирги курсисига ўтирганига қарийб 12 йил бўлди.

Яна икки арбоб 10 йил давомида ҳудуд раҳбари бўлган: Баҳодир Янгибоев Қорақалпоғистон ҳукуматини, Қобилжон Обидов эса Андижон вилоятини бир декада бошқарган.

Шуҳрат Ғаниев Фарғонага, Нуриддин Зайниев Қашқадарёга 9 йил раҳбарлик қилган.

Яна бир қатор давлат хизматчилари иккита ҳудудда ҳокимлик лавозимида ишлаган. Хусусан, амалдаги президент Шавкат Мирзиёев Жиззах ва Самарқандда, Ўктам Барноев Самарқанд ва Бухорода, Эркин Рўзиев Самарқанд ва Тошкент вилоятларида, Козим Тўлаганов Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида, Хайрулло Бозоров Наманган ва Фарғона вилоятларида энг юқори лавозимда бўлган.

Ҳокимлар учун энг қўнимсиз ҳудуд – Тошкент вилояти. Амалдаги ҳоким Зойир Мирзаев вилоятнинг 15-раҳбари ҳисобланади. Ҳозиргача Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида ҳам 13 тадан ҳоким ишлаган. Таққослаш учун, айни пайтда ўз фаолиятини олиб бораётган Шавкат Абдураззоқов Наманганнинг олтинчи, Нормат Турсунов Навоийнинг, Шуҳрат Абдураҳмонов Андижоннинг еттинчи ҳокимларидир.

Битта вилоятга икки марта раҳбарлик қилганлар ҳам бор. Масалан, Қобилжон Обидов 1993-1996 йиллар ҳамда 1997-2004 йилларда Андижон вилоятини, Рустам Холматов эса 2008-2013 йиллар ва 2019-2021 йилларда Тошкент вилоятини бошқарган.

Аксарият мансабдорлар ҳокимликдан кейин давлат бошқарув тизимидаги бошқа йўналишларда ўз фаолиятини давом эттирган. Жумладан, Зойир Мирзаев Самарқанд вилояти ҳокими лавозимидан бош вазир ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири лавозимига кўтарилиб, бир муддат ўтганидан кейин туман ҳокими даражасигача мансаб пиллапояларидан пастлаганди. Қуйи бўғиндаги бир йиллик иш фаолиятидан кейин эса яна вилоят ҳокими (Қашқадарё вилояти) рутбасига қайтди.

Самарқанд вилоятининг бошқа бир собиқ ҳокими Туроб Жўраевнинг ишдан кетиши эса сўнгги йилларда очиқланган энг катта коррупциявий жиноятлардан бири ҳисобланади. 2019 йилда Жўраев “жиноий гуруҳ раҳбари” сифатида кўп қаватли турар жойлар қуриш учун пудратчилардан жами 2 млн 140 минг доллар миқдорида пора олгани учун 13 йилга қамалганди.

Ҳокимларни сайлаш тизимига ўтиш кечиктирилди

Ҳокимларнинг қўл остидагиларни ҳақоратли сўзлар билан камситиши, мажбурий меҳнатга жалб қилиши, кун ва туннинг исталган вақтида йиғиб, мажлис ўтказиши кўпчилик учун ажабланарли ҳолат эмас. Жойлардаги аксарият маиший муаммолар ҳокимлик билан боғлиқ. Бу бузиш ишлари бўладими ёки ичимлик суви, йўлларга асфалт ётқизиш, дарахтлар, ободончилик, кредитлар, иш ўринларими, ҳаммаси якунда мазкур тузилмага бориб тақалади.

Шу жиҳатдан фаол жамоатчилик анчадан бери ҳокимларни халқ томонидан сайлаш масаласини кўтариб келади.

2023 йилга келиб, бу масалада узил-кесил якуний қарор қабул қилингани ойдинлашди: ҳокимлар сайлови ҳозирча бўлмайди, жорий босқичда фақат ҳокимларнинг вакиллик органларига раҳбарлиги тугатилади.

2023 йилда янгиланган Конституцияга асосан, 2024 йилдаги сайловдан кейин вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ҳокимларнинг маҳаллий кенгашларга раислик қилишига барҳам берилди. Кенгашларга депутатлар орасидан раислар сайланди. Туман (шаҳар)ларда бу тартиб 2026 йил 1 январдан амал қила бошлайди.

Фикримизча, маҳаллий ижро ҳокимияти раҳбари маҳаллий аҳоли томонидан умумий, тенг ва тўғридан тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан икки муддатдан кўп бўлмаган муддатга сайланиши масаласини кун тартибига қайтариш мақсадга мувофиқ.

Мамлакатдаги энг катта мансаб эгаси – давлат раҳбари ҳам халқ томонидан сайланади. Вилоят ва туманлар кесимида ҳам ушбу жараённи йўлга қўйиш фуқароларнинг сиёсий фаоллигини оширади ва давлат бошқарувидаги иштирокини кучайтиради.

Сайлов орқали бошқарувга келган ҳоким халқ олдида кўпроқ масъулият ҳис қилади, маҳаллий муаммолар ва эҳтиёжларни яхшироқ тушунади, уларни ҳал қилишга кўпроқ интилади.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид