Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири 2023 йил 1 майдан эътиборан кучга кирди. Бунга 30 апрел куни бўлиб ўтган референдум натижасига кўра 11 та моддадан иборат тегишли қонуннинг қабул қилиниши асос бўлди. Бу қонуннинг 1-моддасига Конституциянинг янги таҳрири илова қилинган.

Бунга қадар 1992 йилдан буён констититуцияга жами 15 марта ўзгартиш киритилган эди. Бу сафар эса ўзгаришлар кўлами катталиги сабаб ҳужжатнинг янги таҳрири қабул қилинди. Янгиланиш натижасида, бош қомусдаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди. Умуман, расмийларга кўра, конституция 65 фоизга янгиланган.

Қуйида Kun.uz назаридаги энг муҳим ўнта йўналишда рўй берган ўзгаришлар ҳужжатдаги кетма-кетлик бўйича келтириб ўтилади.

1. Ўзбекистон – ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат

Конституциянинг 1-моддасидаги “Ўзбекистон – суверен демократик республика” жумласи қуйидагича ўзгартирилмоқда:

  • Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат.

Бошқарувнинг республика шакли – давлат ҳокимиятининг олий органлари халқ томонидан муайян муддатга сайланишини англатади. (Конституция нормаларига расмий шарҳлар ҳозирча йўқ, шу сабабли ундаги норма ва тушунчаларга таҳририят умумқабул қилинган доирада, мустақил изоҳ бериб ўтмоқда).

Суверен давлат – ўз ҳудудида тўла-тўкис мустақил ҳукмронлик ва мутлақ юрисдикцияга эга бўлиш демакдир.

Демократия эса халқ ҳокимиятини ифода этиб, давлат бошқарувида сайланиш ва ўз вакилларини сайлаш орқали барчанинг тенг ҳуқуқли иштироки таъминланишини кўзда тутади.