Жамият | 21:25 / 24.03.2025
5694
2 дақиқада ўқилади

Дўрмонда бир-бирига туташ 3 та уйда ёнғин содир бўлди

Воқеа жойига вилоят ва туман ФВБ раҳбарияти етиб борган. Ёнғин оқибатида тан-жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар тўғрисида хабар келиб тушмаган.

Фото: ФВВ

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкент вилояти Қибрай туманида юзага келган ёнғин тўғрисида маълумот берди.

Қайд этилишича, 24 март куни соат 18:26 да Қибрай тумани «Дўрмон» МФЙ Маърифат кўчасида жойлашган уйларда ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида ФВБга хабар тушган.

Шунга кўра, ёнғин-қутқарувчилар соат 18:28 да ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғин 19:33 да ўраб олинган ва у соат 20:10 да тўлиқ бартараф этилган.

Воқеа жойига Тошкент вилояти ва туман ФВБ раҳбарияти етиб борган.

Ёнғин натижасида бир бирига туташ қурилган учта хонадоннинг тахминан 415 метр квадрат майдонда томи, шифти ва уй-жиҳозлари ёниб зарарланган. Ёнғин оқибатида тан-жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар тўғрисида хабар келиб тушмаган.

«Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ёнғинни бартараф этишга 9 та ёнғин-қутқарув экипажи ва иккита ёрдамчи сув ташишга мўлжалланган техника жалб этилган.

Эслатиб ўтамиз, 23 март куни Сергели тумани Хонобод кўчасида жойлашган, янги қурилаётган бино фасад қисмида ёнғин содир бўлганди.

Тайёрлаган:  Фозилбек Юсупов

Мавзуга оид