Иқтисодиёт | 15:13 / 27.08.2025
5790
3 дақиқада ўқилади

“Ўзагросуғурта”ни сотиб олишга 4 та инвестор қизиқиш билдирди

Давлат активларини бошқариш агентлиги июл ойида “Ўзагросуғурта” АЖнинг 99,35 фоиз улуши оммавий савдоларга чиқарилганини маълум қилганди. Белгиланган муддатда компанияни сотиб олишга 4 инвестор қизиқиш билдирган.

Фото: Yandex-хариталар

Давлат активларини бошқариш агентлиги 2025 йилнинг 10 июлида “Ўзагросуғурта” АЖ устав капиталидаги 99,35 фоиз давлат акциялар пакетини сотиш бўйича халқаро очиқ савдо жараёнларини бошлаганди. Хусусийлаштириш жараёнларига Deloitte халқаро компанияси маслаҳатчи этиб танланган.

Агентликнинг маълум қилишича, белгиланган муддат – 2025 йил 22 августга қадар компанияни сотиб олишга 4 та инвестор қизиқиш билдирган.

Консултант аризаларни белгиланган мезонлар – молиявий имкониятларнинг етарлилиги, ҳуқуқий тўсиқлар мавжуд эмаслиги, жиноий даромадлар ва терроризмни молиялаштиришга қарши қонунчиликка риоя қилиш ҳолати, Европа Иттифоқи, АҚШ ва халқаро молия институтлари санкциялари рўйхатларига киритилмаганлиги ва давлат компанияси мақомига эга эмаслигига кўра кўриб чиққан.

Агентлик савдоларнинг кейинги босқичига старт берди – талабгорлар мажбуриятга эга бўлган таклифларни қабул қилиш босқичида иштирок этиш учун таклиф қилинади.

Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдирган барча талабгорлар ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битимни имзолашлари талаб этилади. Бундан ташқари, консултант томонидан тайёрланган активнинг молиявий, юридик ва операцион фаолиятига оид маълумотлар, шунингдек, аналитик ҳисоботлар жойлаштирилган виртуал маълумотлар хонасига (ВДР) кириш имкониятига эга бўлади.

“Талабгорлар ушбу муддатга қадар “E-auksion” электрон савдо платформасида очиладиган шахсий кабинетлари орқали ўз қатъий нарх таклифлари қийматининг камида 1 фоизини кафолатли тўлов (Security payment) сифатида “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш” АЖнинг махсус ҳисоб рақамига ўтказиши талаб этилади. Кафолат тўлови талабгор ғолиб деб топилмаган ҳолларда қайтарилади; ғолиб деб топилган тақдирда – сотиб олиш тўловининг бир қисми сифатида ҳисобга олинади”, – дейилади расмий хабарда.

Маълумот учун, “Ўзагросуғурта” АЖ умумий суғурта соҳасининг барча 17 та класси бўйича юридик ва жисмоний шахсларга 100 дан ортиқ суғурта хизматларини кўрсатади. Компания устав фонди – 108,9 млрд сўм. 2024 йил якунига кўра, суғурта мукофотлари 418,2 млрд сўмни ташкил этган.

Аввалроқ Mobiuz алоқа компаниясини сотиб олишга 15 инвестор қизиқиш билдирганини маълум қилинганди. Bloomberg'нинг ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати Mobiuz'ни 300 млн долларга сотмоқчи.

Тайёрлаган:  Мадина Очилова

Мавзуга оид