Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Mobiuz’га 15 та халқаро ва маҳаллий компания қизиқиш билдирди – Давактив
АҚШ, Европа, Араб давлатлари, Яқин Шарқ, Кавказорти, Шарқий ва Марказий Осиё минтақаларидан 15 инвестор Mobiuz’ни сотиб олишга қизиқиш билдирган. Оммавий савдолар жорий йилнинг июн ойида бошланган – бунда компаниянинг 100 фоиз улуши сотувга қўйилган ва ҳукумат ушбу хусусийлаштириш орқали 300 млн доллар жалб этишни мақсад қилган.
Фото: Mobi.uz
Давлат активларини бошқариш агентлиги “Universal Mobile Systems” (Mobi.uz бренди) уяли алоқа операторини хусусийлаштириш жараёнлари борасида маълумот берди.
Оммавий савдо жараёни жорий йилнинг июн ойида бошланган. Стратегик ва молиявий маслаҳатчилар сифатида жалб этилган KPMG ва Rothschild & Co икки ой давомида 100 дан ортиқ потенциал инвесторлар билан музокаралар олиб борди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги хабарига кўра, белгиланган муддат — 2025 йил 1 август соат 18:00 (Тошкент вақти)га қадар АҚШ, Европа, Араб давлатлари, Яқин Шарқ, Кавказорти, Шарқий ва Марказий Осиё минтақаларидан 15 та компаниялардан (хорижий ва маҳаллий) активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалар консултантларга келиб тушган.
Мурожаатлар белгиланган мезонларга мувофиқлиги, жумладан, молиявий имкониятларнинг етарлилиги, ҳуқуқий тўсиқлар мавжуд эмаслиги, жиноий даромадлар ва терроризмни молиялаштиришга қарши қонунчиликка риоя қилиш ҳолати, Европа Иттифоқи, АҚШ ва халқаро молия институтлари санкциялари рўйхатларига киритилмаганлиги, давлат компанияси мақомига эга эмаслиги текширилган.
Талабгорлар тендернинг кейинги босқичи - мажбуриятга эга бўлмаган таклифларни тақдим этишга ўтказишга тавсия қилинган.
Ариза берувчилар билан ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги шартнома имзоланади, шундан сўнг улар ахборот меморандуми ва актив ҳақидаги бошқа маълумотларга кириш ҳуқуқига эга бўлади.
Консултантлар томонидан Мажбуриятга эга бўлмаган таклифлар 2025 йил 15 октябр соат 23:59 (Тошкент вақти)га қадар қабул қилинади.
Mobiuz’нинг хусусийлаштирилиши ҳақида
Mobiuz – Ўзбекистондаги тўртинчи йирик мобил оператор ҳисобланади. БМИ (“Fitch Solutions” бўлими) маълумотига кўра, ўтган йил якунида Ўзбекистон мобил бозорида 35,6 млн абонент бўлган, Mobiuz бу бозорнинг 20,9 фоиз улушига эга.
Mobiuz 2024 йилда 164 млн доллар соф даромад ва 41 млн доллар ЭБИТДА кўрсаткичини қайд этган.
Компаниянинг хусусийлаштирилиши 2025 йил июн ойида эълон қилинганди, компанияга Қатар, Саудия Арабистони, Озарбойжон ва Европа инвесторлари томонидан дастлабки қизиқиш билдирилган.
Июл ойида Bloomberg нашри Ўзбекистон ҳукумати Mobiuz’ни хусусийлаштириш орқали 300 млн доллар жалб этишни мақсад қилгани ҳақида хабар берди. Давактив бунга изоҳ бермади, лекин ўз каналида мақоланинг асосий тезисларини эълон қилди.
Kun.uz Давлат активларини бошқариш агентлигига ушбу хусусийлаштириш дастури борасида айрим саволларни юборганди. Аммо агентлик қарийб 1 ойдан бери таҳририятнинг қуйидаги саволларига жавоб бермади:
• Агентликнинг Bloomberg мақоласидан асосий тезисларни эълон қилишдан мақсади нима эди?
• Mobiuz’нинг нархи борасида Давактивнинг мўлжали 300 млн долларга тенг ёки ундан кўп эканига аниқлик кирита оласизми?
• Потенциал харидорлар учун 9 июн кунги расмий эълонда санаб ўтилган талаблардан бошқа стратегик шартлар (модернизация учун инвестиция киритиш, хизмат сифати, иш ўринларининг сақланиши каби) ҳам борми?
• Хусусийлаштиришда Rothschild & Co агентлигининг иштироки нималардан иборат?
• 2013 йилги MTS билан боғлиқ мусодара ва миллийлаштириш ҳолатлари хорижий инвесторлар билан коммуникацияда қандай тушунтирилмоқда?
Мавзуга оид
12:38 / 10.11.2025
Давлат департаменти: Ўзбекистон АҚШдан кичик АЭС реакторлари сотиб олади
16:17 / 20.10.2025
Аксилкоррупция агентлиги UzPost'ни хусусийлаштиришда шаффофликни талаб қилди
09:00 / 19.10.2025
Таппи қилишга чорлов ва Тошкент учун янги аэропорт — ҳафта дайжести
15:36 / 13.10.2025