Иқтисодиёт | 18:59 / 28.08.2025
11023
3 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors’нинг биринчи ярим йилликдаги фойдаси 27,5 фоизга камайди

Жорий йилнинг биринчи ярмида UzAuto Motors’нинг соф фойдаси 1,91 трлн сўмдан 1,38 трлн сўмга ёки 27,5 фоизга қисқарди. Компаниянинг Ўзбекистон бозоридаги улуши ҳам 90,2 фоиздан 82,2 фоизгача пасайган. Бунга бир қанча омиллар таъсир қилаётган бўлиши мумкин.

2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистондаги энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчи компания – UzAuto Motors’нинг умумий даромадлари 21,2 трлн сўмни ташкил этди. Бу – ўтган йилнинг мос давридагидан (23,4 трлн сўм) 9,5 фоизга кам.

Ҳисобот даврида компания соф фойдаси 1,38 трлн сўм бўлган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг дастлабки 6 ойига нисбатан (1,91 трлн сўм) 27,5 фоизга қисқарган. Ўз навбатида, маҳсулот таннархи 6,4 фоизга пасайиб, 17,8 трлн сўмни ташкил қилган. Сотиш рентабеллиги 8,2 фоиздан 6,5 фоизгача камайган.

Эътиборли жиҳати, II чоракда UzAuto Motors’нинг молиявий ҳолати сезиларли даражада яхшиланган. Масалан, январ-март ойларида компаниянинг соф фойдаси 2024 йилнинг мос даври билан таққосланганда, 1,3 трлн сўмдан 637 млрд сўмга ёки 2 баробарга қисқарганди. Апрел-июн ойларида мазкур кўрсаткич 619 млрд сўмдан 759 млрд сўмга кўпайган. Бунга 2025 йил 1 майдан бошлаб импорт қилинадиган электромобиллар учун утилизация йиғими кескин оширилиши фонида маҳаллий автомобилларга талабнинг тиклана бошлагани сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Ички бозорда сотувлар қисқарди

2025 йилнинг январ-май ойларида Ўзбекистонда “ишлаб чиқарувчи” деб ҳисобланувчи 7 та компания жами 135 922 дона автомобил сотган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос давридаги сотувлардан (158 474 дона) 22,5 мингтага кам. Бу қисқариш Chevrolet автомобилларининг савдоси 142 891 донадан 111 830 донага (қисқариш – 31 061 дона) пасайиши фонида юз берган.

Натижада UzAuto Motors'нинг Ўзбекистон бозоридаги улуши 90,2 фоиздан 82,2 фоизга тушган. Компаниянинг ички сотувлари камайишига қуйидаги омиллар таъсир қилган бўлиши мумкин.

Биринчидан, ички бозорда заиф бўлса-да рақобат ва танлов имконияти пайдо бўла бошлади. Масалан, 2024 ва 2025 йилларнинг дастлабки 5 ойини таққослаганда, Kia сотуви 56 фоизга, BYD сотуви 39 фоизга, Cherry сотуви 14 фоизга, Haval сотуви эса қарийб 4 баробарга ошган. Яъни шартли Тracker олишни режа қилган истеъмолчи олдида Kia Sonet танлови ҳам бор.

Иккинчидан, метан нархларининг ошиб бораётгани ва совуқ кунларда юзага келадиган узун навбатлар, пропан нархининг беқарорлиги, бензиннинг қимматлиги фонида айрим истеъмолчилар электромобил ёки гибрид машина харид қилишни афзал кўряпти. Жумладан, BYD Song Plus Champion, BYD Chazor, BYD Yuan Up каби замонавий машиналарнинг сотуви ошиб боряпти.

Учинчидан, ички бозорнинг тўйина бошлагани ортидан бир неча ойдан бери иккиламчи бозорда автомобилларнинг нархлари арзонлашяпти. Одамлар машинага инвестицион актив сифатида қарашни тўхтатиб, ортиқча маблағини бошқа соҳаларга йўналтиришни бошлади.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид