Ўзбекистон | 12:38 / 29.08.2025
3616
2 дақиқада ўқилади

“Ташаббусли бюджет”да Олтинкўл туманидаги лойиҳаларга овоз бериш бошланди

Туман масъуллари фуқаролар киритган ташаббусларнинг аксариятини асоссиз тарзда саралашдан ўтказмаган эди. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг талаби билан, туман комиссияси саралашни қайтадан ўтказди ва энди Олтинкўлдаги лойиҳалар овоз тўплаш учун 3 кун муддатга эга. Худди шундай ҳолат кузатилган Улуғнор тумани борасида ҳозирча янгилик йўқ.

29 август соат 12:40 ҳолатига Олтинкўлдан энг кўп овоз тўплаган 6 та лойиҳа

Андижон вилояти Олтинкўл туманида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларига овоз бериш босқичи 29 августдан бошланди ва бу босқич 3 кун давом этади.

Жорий йилги 2-мавсумда туман ишчи комиссияси лойиҳаларни асоссиз рад этгани сабабли, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Олтинкўл ва Улуғнор туманлари ҳокимликларига лойиҳаларни белгиланган мезонлар асосида қайта кўриб чиқиш юзасидан сўров юборган ва бу туманларда овоз бериш босқичи ўтказилмаётган эди.

Бошқа барча туманларда овоз бериш 22 августдан бошланган ва 31 августгача (шу куни ҳам) давом этади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабарига кўра, Олтинкўл тумани ишчи комиссияси вазирликнинг сўровига жавобан лойиҳаларни қайта кўриб чиққан. Натижада лойиҳалардан 93 таси овоз бериш босқичига ўтказилиб, 23 та лойиҳа амалдаги мезонларга зид бўлгани сабабли (сабаби асослантирилган ҳолда) рад этилди.

Маълумот учун, ушбу туманда фуқаролар томонидан жами 116 та лойиҳа келиб тушган бўлиб, бундан аввалги можароли ҳолатда улардан атиги 22 таси овоз беришга ўтказилган, 94 та лойиҳа асослантирилмаган ҳолда рад этилган эди.

Шу муносабат билан, “Очиқ бюджет” порталида Олтинкўл тумани бўйича саралашдан ўтган лойиҳаларга овоз бериш босқичи 29 августдан бошлаб ўтказилмоқда.

Олтинкўл тумани бўйича лойиҳаларга овоз бериш анъанавий овоз бериш босқичи билан бир вақтгача, яъни 31 август соат 23:59 га қадар давом этади.

“Юзага келган ноқулайликлар бартараф этилганини маълум қилган ҳолда Олтинкўл тумани аҳолисидан овоз бериш босқичида фаол иштирок этишларини сўраб қоламиз”, – дейилади Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабарида.

Улуғнор тумани билан нима бўлиши ҳозирча маълум эмас.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид