Иқтисодиёт | 07:33 / 22.08.2025
7711
2 дақиқада ўқилади

Андижоннинг икки тумани «Ташаббусли бюджет» 2-мавсумидан четлатилди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Олтинкўл ва Улуғнор туманларида лойиҳаларни саралаш босқичида амалдаги мезонларга риоя этилмаганини аниқлади.

Фото: Kun.uz

Андижон вилоятининг Олтинкўл ва Улуғнор туманларидаги лойиҳалари «Ташаббусли бюджет»нинг 2-мавсумида иштирок этмайди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Қайд қилинишича, лойиҳанинг 2-мавсуми доирасида фуқаролардан жами 22263 та лойиҳа келиб тушган бўлиб, шулардан 18656 таси овоз бериш босқичига ўтказилган.

Олтинкўл ва Улуғнор туманларида эса лойиҳалар ишчи комиссия томонидан асоссиз равишда рад этилган. Аниқланишича, Улуғнор туманида жами 73 та лойиҳа келиб тушиб, шундан фақат 13 таси овоз бериш босқичига ўтган. Аммо 60 та лойиҳа ҳеч қандай асоссиз ёки сабаблари тушунтирилмаган ҳолда рад этилган.

Шу каби ҳолат Олтинкўл туманида ҳам кузатилган. Бу ҳудуддан 116 та лойиҳа келиб тушган бўлса, шундан 22 таси овоз беришга ўтказилган, 94 та лойиҳа эса асослантирилмаган ҳолда рад этилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан вазирлик томонидан амалдаги қонунчиликда белгиланган мезонларга асосан лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш юзасидан хат юборилган бўлса-да, туман ички комиссиялари томонидан лойиҳалар қайта кўриб чиқилиши таъминланмаган.

«Лойиҳаларни саралаш босқичида амалдаги мезонларга риоя этилмаганини инобатга олиб, фуқаролардан келиб тушган шикоят ва эътирозлар асосида Улуғнор ва Олтинкўл туманларида «Ташаббусли бюджет»нинг 2-мавсуми доирасида лойиҳаларга овоз бериш босқичи ўтказилмайди», дейилади вазирлик хабарида.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид