Молия | 02:32 / 10.09.2025
5885
2 дақиқада ўқилади

Alibaba ҳуманоид роботларга инвестиция киритди

Хитойнинг гуманоид роботлар ишлаб чиқарувчи X Square Robot стартапи 100 миллион долларга яқин инвестиция жалб қилганини эълон қилди. Бунда етакчи инвестор Alibaba Cloud бўлган.

Фото: X Square Robot

Шенчженда жойлашган X Square Robot 2023 йилнинг декабрида ишга туширилган бўлиб, ҳали икки йил тўлмаганига қарамай, бу унинг саккизинчи молиявий раунди ҳисобланади.

Ўтган вақт давомида стартап жами 2 миллиард юан (280 миллион доллар)га яқин инвестиция жалб қилган.

Венчур капиталистлар гуманоид роботларга катта маблағ киритмоқда. Улар генератив сунъий интеллект билан интеграция бу машиналарнинг одамлар билан ўзаро алоқасини тубдан ўзгартиришига ишонишмоқда.

Humanoid Guide тадқиқот фирмаси бу каби роботни бозорда 80 минг долларга сотиш мумкин, деб ҳисобламоқда. Рақобатчи Unitree эса 16 минг долларлик гуманоид робот сотмоқда, аммо унинг функциялари анча паст.

Стартап келаси йили IPO (бирламчи акцияларни жойлаштириш)га чиқишни режалаштирмоқда. X Square Robot мактаблар, меҳмонхоналар ва қариялар уйлари билан сотувлардан даромад топмоқда ва бу кўрсаткич кейинги йилда янада ошиши кутилмоқда.

Компания, шунингдек, Японияда ва Сингапурда мижозлар билан музокаралар олиб бораётганини билдирди. Аммо роботларнинг кенг истеъмол бозорига чиқиши учун нарх 10 000 долларгача тушиши лозим. Бунга эса, асосан, аппарат қисмларининг арзонлашиши орқали эришиш мумкин.

Шу билан бирга, роботлар учун СИ ҳануз генератив даражадан анча орқада қолмоқда. Бу борада Хитой роботлар ва СИ қўлланмалари бўйича глобал устунликка чиқиш йўлида давом этяпти.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид