Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Тез келинглар, набирамни сўйиб қўйди” – Сергелидаги фожиа тафсилотлари
Қарийб 4 йил аввал Тошкент ҳайвонот боғида онаси томонидан айиқ қафасига ташлаб юборилган қизалоқ қотиллик қурбони бўлди. Жорий йил август ойи бошида руҳий касалликлар шифохонасидан чиққан она қизини пичоқлаб ўлдирди. Kun.uz мухбири фожиа тафсилотларини ўрганишга ҳаракат қилди.
Тошкент шаҳри Сергели туманида яшовчи аёл ўз қизининг қотилига айланди. Воқеа жорий йилнинг 8 сентябр куни соат тахминан 15:30–16:00 лар атрофида содир бўлган. 34 ёшли Зилола Тўлаганова мактабга чиққанига 1 ҳафта бўлган 7 ёшли қизи Зарина Аҳадовага ошхона пичоғини санчган. Қизалоқ олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлган.
Қотиллик қурбонига айланган Зарина Аҳадова 2022 йил январ ойида Тошкент ҳайвонот боғида онаси томонидан тўсиқ ортидан айиқнинг қафасига ташлаб юборилганди. Кавказ айиғи қизга яқинлашиб, ҳидлаб кўриб, сўнг ортига қайтган. Ўшанда боғ ишчилари айиқни ички хонага чақириб олишган эди. Қизалоқда очиқ бош мия жароҳати ва бош мия чайқалиши аниқланган, бир муддатдан сўнг унинг аҳволи яхшиланган ва уйига жавоб берилганди.
Кейинроқ Зилола Тўлаганованинг психоневрологик диспансер рўйхатида тургани, оилада босимга учрагани ва турмуш ўртоғи билан ажрашмоқчи бўлгани маълум бўлганди. Шундан сўнг у руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Қизалоқ ва унинг акасини бувиси (она томондан) васийликка олган. 2023 йилдан шу вақтга қадар болалар бувиси ва бобосининг қарамоғида бўлган. Бобо нафақада, буви эса хонадон яқинида жойлашган пазандалик цехида ишлаган.
2025 йил август ойида Зилола Тўлагановага руҳий касалликлар шифохонасидан жавоб берилган. У уйига қайтиб, ота-онаси ва фарзандлари билан бирга яшай бошлаган. Маҳалла раиси Шуҳрат Каримжоновнинг айтишича, руҳий касалликлар шифохонаси томонидан аёлнинг уйига қайтарилаётгани ҳақида огоҳлантириш ёки хат орқали хабар ҳам берилмаган.
“Одатда қамоқдан чиққан одам сўзсиз назоратга олинади. Профилактика инспекторига хабар қилинади, ҳар куни бўлмаса ҳам у мунтазам текшириб турилади. Нега руҳий касалликлар шифохонасидан чиққан беморлар учун бундай тартиб йўқ? Ахир улар ҳам жамият учун хавф туғдириши мумкин-ку. Қотилликни содир этган аёл қачон уйига олиб келинганини бошида билмадик. У даволанган касалхонадан бизни огоҳлантиришмади. Кейин онаси келиб, қизининг уйга қайтганини айтди. Шундан сўнг, маҳалла еттилиги билан келишиб, хабар олиб турдик”, – дейди раис.
Олий маълумотли, таълимнинг санъатшунослик бўйича магистратура босқичини тамомлаган Зилола Тўлаганова бир неча йил аввал турмуш ўртоғи билан келиша олмай, ота уйига қайтиб келган. Лекин қонуний ажрашмаган. Маҳалла вакиллари сўзларига кўра, аёлдаги руҳий бузилиш эри билан ўртасида юзага келган жанжаллар ва калтакланиш оқибатида пайдо бўлган. Ота уйи тинч, ҳеч қандай келишмовчиликлар бўлмаган.
Хонадон қўшниларидан бирининг айтишича, марҳум Зарина жуда кўп йиғлаган. Таъкидланишича, қизалоқ айиқ қафасига ташлаб юборилганидан сўнг шундай инжиқ бўлиб қолган.
“Қўшнимнинг 4 нафар фарзанди бор. Икки қизи турмушдан қайтган, ўгли ҳали оила қурмаган. Зилола энг катта фарзанд, унда бир ўгил ва бир қиз бор эди. Қизчаси эндигини 7 ёшга тўлиб, 1 синфга чиққанди. Жуда кўп йиғларди. Баъзида бобо-бувиси кўндира олмай, ўз ҳолига ташлаб қўярди. Чидай олмаганимиздан айрим вақтларда “қарасангиз бўлмайдими болага” деб турмуш ўртоғим билан чиқиб гапирардик. Шу қадар қаттиқ бақириб, тўхтовсиз йиғлардики, асабларимиз дош бермай қоларди. Боладаги бу ҳолатни айиқ қафасига ташлаб юборилганидан кейин бошининг қаттиқ жароҳатланиши натижасида юзага келган деб ўйлардик”, – дейди шахси сир сақланишини истаган қўшни.
Қўшнининг таъкидлашича, воқеа юз берган куни ҳам қизалоқ бақириб йиғлаган. 15:30-16:00 лар атрофида аввал қизча, кейин онасининг овози эшитилган. Шундан сўнг қизалоқнинг бобоси рафиқасини қўнғироқ қилиб цехдаги ишидан чақирган. Бу орада бобо тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилиб, фожиа ҳақида хабар берган.
“Деворимиз битта бўлгани учун ҳамма овоз бемалол эшитилади. Қўшним тез ёрдамга телефон қилиб, “тез келинглар, набирамни сўйиб қўйди” деганини эшитдим. Кейин дарҳол турмуш ўртоғимга воқеани айтдим. Бироз вақт ўтиб, тез тиббий ёрдам, ички ишлар ходимлари етиб келди. Ўғлим ва овсинимнинг фарзандини гувоҳликка олиб чиқиб кетишди”, — дейди қўшни.
Мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган ва аёл процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
19:19 / 01.12.2025
Қувада эркак турмуш ўртоғи ва икки фарзандини ўлдирганликда гумонланмоқда
16:28 / 20.11.2025
Кундалик фош қилган қотиллик – Қозоғистондаги шов-шувли жиноят ишида ҳукм ўқилди
21:31 / 10.11.2025
Эквадор қамоқхонасида ўнлаб осилган маҳбуслар топилди
18:22 / 06.11.2025