Тошкент шаҳри Сергели туманида яшовчи аёл ўз қизининг қотилига айланди. Бу ҳақда «Миллар» дастурида хабар қилинди.

Маълум бўлишича, 1991 йилда туғилган Зилола Тўлаганова мактабга чиққанига 1 ҳафта бўлган 7 ёшли қизи Зарина Аҳадовага ошхона пичоғи билан жароҳат етказган. Қизалоқ олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Сергели туманидаги «Зиёлилар» МФЙ вакилининг айтишича, руҳий касалликлар шифохонасида даволаниб келган аёлга 2025 йил 2 август куни шифохонадан жавоб берилганди.

«Бу аёл руҳий касалликлар шифохонасида даволанаётганди. 2 август куни у шифохонадан чиқарилган, кўчирма билан берилган, амбулатор даволанишга ёзиб беришган. Хонадонга маҳалла еттилиги билан бориб, ўрганиб, суҳбатлар ўтказиб бордик. Аёлнинг ҳолати яхши эди, саволларга яхши жавоб берди. 2 нафар фарзанди бор, бир қиз ва бир ўғил. Кутмагандик лекин. Ҳамдардлик билдирамиз яқинларига», деган у.

Ҳолат юзасидан Сергели тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган ва аёл процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Қотиллик қурбонига айланган Зарина Аҳадова 2022 йил январ ойида Тошкент ҳайвонот боғида онаси томонидан тўсиқ ортидан айиқнинг қафасига ташлаб юборилганди. Кавказ айиғи қизга яқинлашиб, ҳидлаб кўриб, сўнг ортига қайтган. Ўшанда боғ ишчилари айиқни ички хонага чақириб олишган эди. Қизалоқда очиқ бош мия жароҳати ва бош мия чайқалиши аниқланган, бир муддатдан сўнг унинг аҳволи яхшиланган ва уйига жавоб берилган.

Ўшанда прокуратура томонидан аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 97-моддаси 2-қисми «в» банди (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда, яъни айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни қасддан ўлдириш) билан жиноят иши очилганди. Аёл психоневрологик диспансер рўйхатида тургани, оилада босимга учрагани ва турмуш ўртоғи билан ажрашмоқчи бўлгани маълум бўлганди.