Жаҳон | 12:44 / 19.09.2025
4243
2 дақиқада ўқилади

Россия Донбассда қулаган "боинг" бўйича қарорга суд орқали шикоят қилди

Россия ТИВ маълумотларига кўра, Москва ICAO кенгашининг 2014 йилда Малайзия "боинги" ҳалокати учун жавобгарлик тўғрисидаги қарори устидан БМТ судига шикоят қилган. Ташқи ишлар вазирлиги қарор «сиёсий сабаблар» билан қабул қилинган деб ҳисоблайди.

Фото: Robin van Lonkhuijsen/ANP/IMAGO

Россия Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) кенгашининг 2014 йилда Донбасс узра уриб туширилган Малайзия ҳаво йўлларининг MH17 рейсини амалга оширилган Boeing 777 учун Москва жавобгарлиги ҳақидаги аввалги қарори юзасидан Халқаро судга (БМТ) шикоят қилди. Бу ҳақда 18 сентябр, пайшанба куни кечқурун Россия ТИВ маълум қилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ICAO кенгашининг қарори «сиёсий сабабларга кўра» қабул қилинган ва «манфаатдор томон — Нидерландия шафелигида ўтказилган шубҳали тергов натижаларига ва биринчи навбатда бошқа манфаатдор томон — Украинадан тақдим этилган уйдирма фактлар»га асосланган. «Россия БМТ низоми ва амалдаги халқаро ҳуқуқ бўйича ўз мажбуриятларига мувофиқ ҳақиқатни излайди», — дея маълум қилди Россия вазирлиги.

ICAO БМТнинг ихтисослашган ташкилоти бўлиб, 193 та аъзо давлатни ўз ичига олади. Чикаго конвенциясига кўра, бу давлатлар парвоз пайтида фуқаролик самолётларига қарши қурол ишлата олмайди. ICAO кенгаши давлатлар конвенцияни бузгани ёки бузмагани тўғрисида қарор қабул қилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид