Жаҳон | 16:25 / 27.09.2025
9389
3 дақиқада ўқилади

Starbucks юзлаб қаҳвахоналарини ёпмоқда

Дунёдаги энг машҳур қаҳвахоналар тармоғи 2025 йил бошидан бери иккинчи марта қисқартириш эълон қилиб, АҚШда яна 900 ходимини ишдан бўшатишга мажбур бўляпти. Компаниянинг Шимолий Америкадаги 400 га яқин дўкони шу ойнинг ўзида ёпилади. Қисқартиришлар қисман Европага ҳам тааллуқли. Сабаб – сотувлар ҳажми узлуксиз камайишдан тўхтамаяпти.

Фото: AP

Starbucks қаҳвахоналар тармоғи АҚШда 900 нафар ходимини ишдан бўшатиши ва ой охиригача Шимолий Америкадаги 400 га яқин дўконини ёпишини эълон қилди. Компания Европада ҳам айрим қаҳвахоналарини ёпмоқчи. Қисқартиришлардан мақсад – харажатларни камайтириш.

Бундан ташқари, раҳбарият бу ўзгаришлар орқали савдо нуқталарида мижозларнинг кутиб қолиш вақти камайиши ва даромадли жойларда савдо ҳажми ошишини айтмоқда.

Starbucks шу йил феврал ойида ҳам сотувлари пасайиб бораётгани учун АҚШда 1100 та иш ўрнини қисқартираётгани, менюни эса мақбуллаштираётганини эълон қилганди. Шу тариқа, компания бир йил ичида ўз мамлакатида 2 мингта иш ўрнидан воз кечишга мажбур бўлмоқда.

Компания бош директори Брайан Никколнинг сўзларига кўра, навбатдаги қисқартириш доирасида Британия, Швейцария ва Австриядаги айрим қаҳвахоналар ҳам ёпилади. Шу билан бирга, жорий молия йилида Британияда 80 та, Европа, Яқин Шарқ ва Африка бўйлаб эса жами 150 та янги дўкон очиш режасидан воз кечилмаган.

Starbucks июл ойида эълон қилган чораклик ҳисоботидан келиб чиқилса, бренднинг АҚШда жойлашган ва очилганига бир йилдан ошган қаҳвахоналарида сотувлар ҳажми кетма-кет олтинчи чоракда ҳам пасайган. Айнан ички бозор, яъни Қўшма Штатлар энг машҳур кофешоплар тармоғи учун энг асосий бозор ҳисобланади.

Молиявий натижаларнинг салбийлиги фонида, йил бошидан бери Starbucks акциялари 8 фоизга арзонлашди.

TD Cowen таҳлилчиларининг қайд этишича, АҚШда оммалашиб бораётган формат – автомобилдан тушмаган ҳолда қаҳва харид қилиш имконини берувчи кофешоплар Starbucks'га жиддий рақобатчига айланган.

Starbucks қаҳвахоналарининг мижозлар кўз ўнгидаги имижи рақобатчиларнинг имижига нисбатан ёмонлашиб бораётгани ҳам сотувлар тушишига сабаблардан бири, дейди таҳлилчилар.

Ўтказилган сўровларда мижозларнинг 70 фоиздан ортиғи нархлар баландлиги учун Starbucks қаҳвахоналарига боришни камайтираётганини айтган.

Бундан ташқари, компаниянинг Қўшма Штатлардаги баристалари касаба уюшмасига йиғилиб, ўз эътирозларини билдира бошлагани менежмент учун қўшимча қийинчиликларни келтириб чиқаряпти.

Эслатиб ўтамиз, жорий ой бошида эълон қилинган статистикадан АҚШ меҳнат бозоридаги вазият кутилганидан анча ёмонроқлиги маълум бўлганди. Бу, хусусан, президент Доналд Трампнинг савдо сиёсати билан ҳам боғлиқ.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид