АҚШ Меҳнат вазирлиги маълумотларига кўра, августда қишлоқ хўжалигидан ташқари соҳаларда атиги 22 мингта янги иш ўрни яратилган. Июл ойидаги кўрсаткич эса қайта ҳисоб-китоблардан сўнг 73 мингтадан 79 мингтагача оширилди.
Reuters ўтказган сўровномага кўра, иқтисодчилар август ойида камида 75 мингта иш ўрни яратилишини кутганди. Ҳақиқий вазият эса бундан анча ёмонроқ бўлиб чиқди.
Ишсизлик даражаси эса июлдаги 4,2 фоиздан 4,3 фоизгача ошди – бу 2021 йил октябрдан кейинги энг ёмон кўрсаткич.
Бозор реакцияси:
- Акциялар: S&P E-mini индекси 0,45 фоизга кўтарилди.
- Облигациялар: АҚШнинг 10 йиллик давлат облигациялари рентабеллиги 10,6 базис пунктга пасайиб, 4,06 фоизни ташкил этди. 2 йиллик облигациялар рентабеллиги эса 12 пунктга тушиб, 3,472 фоизга етди.
- Валюта бозори: АҚШ доллари индекси 0,64 фоизга заифлашиб, 97,61 даражасида савдога чиқди.
SimCorp инвестиция қарорларини тадқиқ қилиш бўйича бошқарувчи директори Мелисса Броуннинг айтишича, янги иш ўринлари сонининг кутилганидан паст бўлиши ва олдинги ойлар кўрсаткичларининг [қайта ҳисоб-китобдан кейин] паст чиқиши иқтисодиётнинг секинлашаётганини яққол кўрсатмоқда.
“Иш ўринлари сонининг камайиши деярли барча тармоқларда кузатилмоқда. Бу эса ажабланарли эмас, чунки компаниялар божлар борасида ноаниқликдан хавотирда ва янги ходимлар ёллашни кечиктирмоқда.
Федерал резерв томонидан бир эмас, балки бир неча маротаба фоиз ставкаларини пасайтириш эҳтимоли ортиб бормоқда. Шу билан бирга, стагфляция хавфи ҳам сақланиб қолмоқда, чунки инфляция ҳануз жиддий муаммо бўлиб қолмоқда ва иқтисодий ўсишнинг секинлашуви уни жиловлай олмаяпти. Агар божлар қатъий жорий этилганда, нархлар бир маротабалик сакраш билан чегараланиши мумкин эди. Аммо улар “бўлди – бўлмади” шаклида давом этаётгани сабабли, инфляцияни юқори даражада ушлаб турадиган сурункали таъсир юзага келмоқда”, – дейди эксперт.
The Economic Times нашрининг ёзишича









