Жаҳон | 14:14 / 28.10.2025
8676
4 дақиқада ўқилади

«Лукойл» санкциялар туфайли хориждаги активларини сотади

Компания Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбойжон, Молдова, БАА, Ироқ, Камерун, Нигерия, Гана ва бошқа мамлакатларда фаолият юритади, Европада нефтни қайта ишлаш заводлари ва дунёнинг 19 мамлакатида ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғига эга.

Фото: Kun.uz

Россиянинг энг йирик нефт-газ компанияларидан бири «Лукойл» «айрим давлатлар» томонидан жорий этилган санкциялар туфайли хориждаги активларини сотиш ниятида эканини маълум қилди.

27 октябр куни эълон қилинган баёнотда «Лукойл» «потенциал харидорларнинг таклифларини кўриб чиқиш аллақачон бошлангани»ни қайд этган. Активларни сотиш АҚШ Молия вазирлигининг Ташқи активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) рухсати билан операцияларни якунлаш лицензияси (wind down license) доирасида амалга оширилади. Зарур ҳолларда компания хорижий бўлинмаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш учун лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтиришни сўрашни режалаштирмоқда.

«Лукойл» билан операцияларни тўхтатиш учун OFAC 21 ноябрга қадар муҳлат берган.

Асосий тузилмалардан ташқари «Лукойл» улуши 50 фоиздан ортиқни ташкил этадиган шуъба компаниялар ҳам санкцияларга дучор бўлган. Мутахассислар фикрича, «Лукойл»нинг улуши 50 фоиздан кам бўлган лойиҳаларда активларни тўғридан тўғри сотиш талаб қилинмаслиги мумкин, аммо якуний қарор миллий ҳукуматларнинг позициясига боғлиқ бўлади. Шунга қарамай, АҚШнинг блокировка чоралари компанияни тегишли тузилмаларни бошқариш ва уларнинг фаолиятидан даромад олиш имкониятидан маҳрум қилмоқда.

Компания Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбойжон, Молдова, БАА, Ироқ, Камерун, Нигерия, Гана ва бошқа мамлакатларда фаолият юритади, Европада нефтни қайта ишлаш заводлари ва дунёнинг 19 мамлакатида ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғига эга.

OFAC Қозоғистон нефтини етказиб беришда узилишларга йўл қўймаслик учун «Лукойл»нинг Қозоғистоннинг иккита асосий экспорт йўналишида – Атирау областидаги Тенгиз конида ва Каспий қувурлари консорциумида (КТК) иштирокини истисно қилди, деб ёзади «РБК».

Қозоғистоннинг ўзида «Лукойл» бир нечта йирик лойиҳаларда, жумладан, Каспий шелфидаги «Каламкас-море, Хазар ва Авезов»да 50 фоиз (битим тахминан 200 миллион долларга баҳоланади), «Ал-Фаробий» лойиҳасида 49,9 фоиз, «Тенгиз» лойиҳасида 5 фоиз ва «Карачаганак» лойиҳасида 13,5 фоиз улушга эга.

Ўзбекистонда «Лукойл» йигирма йил ичида нефт ва газ саноатига 10 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритиб, республикадаги энг йирик инвесторларидан бирига айланган.

Ҳукумат 2004 йилда мазкур компания билан Бухоро вилоятидаги «Қандим-Ҳаузак-Шоди» (35 йил муддатга, 2014 йилда яна 7 йилга – 2046 йилгача узайтирилган) ва Қашқадарёдаги «Жануби-Ғарбий Ҳисор» (2007 йилда кучга кирган ва 36 йилга, 2043 йилгача мўлжалланган) лойиҳалари бўйича маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битимни имзолаган.

«Лукойл»нинг Ўзбекистондаги энг йирик лойиҳаси йилига 8,1 миллиард метр куб газни қайта ишлаш қувватига эга Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси бўлиб, унинг умумий сармояси 3,5 миллиард долларни ташкил этади. «Лукойл» Ўзбекистонда «Ўзбекнефтгаз»дан кейин иккинчи йирик газ ишлаб чиқарувчи ҳисобланади. 2024 йил 1 июн ҳолатига кўра, компаниянинг тўпланган газ қазиб олиш ҳажми 134,4 миллиард метр кубга етган.

Бундан олдинроқ Марказий банк раҳбари Тимур Ишметов АҚШнинг «Лукойл» ва «Роснефт»га қарши санкцияларига изоҳ бериб, бу Ўзбекистонга таъсир кўрсатиши мумкинлиги, аммо узоқ муддатли шартномалар ва дипломатик механизмлар эҳтимолий оқибатларни камайтиришга имкон беришини айтганди. У мамлакат санкциялар режимига риоя қилиш бўйича қатъий позицияга эгалигини таъкидлаган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид