Авто | 07:40 / 13.11.2025
46218
2 дақиқада ўқилади

Хитой гибрид йўлтанламаси Гиннесс рекордини ўрнатди

Хитойнинг Hongqi HS6 гибрид кроссовери бир марта тўлиқ қувватланиш ва тўла бензин баки билан 2325 километр масофани босиб ўтди ва Гиннеснинг янги рекордини ўрнатди. HS6 ташқи токдан зарядланадиган гибридлар ичида энг кўп масофа босиб ўта олган моделга айланди.

Hongqi HS6 Фото: BitAuto

2325 километрлик йўл Шангри-Лада 30 октябр куни старт олди ва 3 ноябр куни Гуанчжоуда якунланди. Саёҳат давомида автомобил Кунмин, Байсэ ва Учжоу шаҳарлари орқали ўтиб, ўзининг бардошлилиги ва ёнилғи тежамкорлигини яққол намоён этди.

Бу рекорд Hongqi муҳандислик тафаккурининг шиддат билан илгарилаётганини ва бренднинг жаҳон бозори учун узоқ масофага мўлжалланган барқарор гибрид технологияларни ривожлантиришга интилишини тасдиқлайди. Аввалги рекордчилар — масалан, Chery Fulwin T10 кўрсаткичларини ортда қолдирган Hongqi HS6 гибрид моделлар учун чидамлилик ва самарадорликнинг янги меъёрларини белгилади.

HS6 PHEV учун олдиндан сотувлар Хитойда 15 ноябр куни старт олади — бу бренднинг глобал экспансияси доирасидаги навбатдаги қадамдир. Ички бозордан ташқари, Hongqi Европага ва Яқин Шарққа чиқишни режалаштирмоқда, премиум сегментдаги гибрид йўлтанламаcлар қаторида мустаҳкам ўрин эгаллашга интилмоқда. Модел компаниянинг синаб кўрилган муҳандислик қудратини нафис дизайн ва қулайлик билан уйғунлаштириш ёндашувини акс эттиради ҳамда хитойлик ишлаб чиқарувчиларнинг технология ва ижро сифати жиҳатидан рақобатга тайёрлиги ортиб бораётганини кўрсатади.

Дунё рекорди моделнинг ишончли муҳандислик ечимларини исботласа, унинг дизайни Хитой автоишлаб чиқарувчилари премиум сегментда тобора рақобатбардош бўлаётганини тасдиқлайди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид