55480

Kun.uz: Регби бўйича Англиянинг учинчи дивизионида қатнашувчи “Китли Кугарс” жамоаси сафида ўйновчи, Уэльс терма жамоасининг ўйинчиси Дэнни Жонс ўйин пайтида юрак хуружини бошидан ўтказди ҳамда кейинроқ шифохонада вафот этди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Ўйиннинг 4-дақиқасида ўзини ёмон ҳис қилгани учун алмаштирилган 29 ёшли Жонс ўйиндан чиқиб кетгандан кейин ҳушидан кетиб, йиқилиб тушди ва зудлик билан шифохонага етказилди. Шифокорларнинг уни ҳушига келтиришга уринишларига қарамай, спортчи ўзига келмади. Бу воқеадан кейин тўхтатиб қўйилган ўйин ҳам охиригача етказилмай қолиб кетди.

Энг олий даражада – Уэльс терма жамоасида ўйнашга муваффақ бўлган Жонс 5 ойлик эгизакларнинг отаси эди.

Апрель охирида Бельгиянинг “Локерен” футбол клуби ўйинчиси 24 ёшли Грегори Мертенс “Генк” билан учрашув пайтида юрак хуружига учраган ва бир неча кун ўтиб ўзига келмай вафот этган эди.