1028553309 Kun.uz: Таиланднинг жанубида жойлашган Сонгкла вилоятида одам савдогарлари лагерида Мьянма ва Бангладешдан келган 800 нафардан ортиқ киши тутқунликда ушлаб турилган. Шунингдек, ушбу лагерь ўрнида оммавий қабр топилган. Бу ҳақда Bangkok Post нашри хабар бермоқда. Аввалроқ полиция 26 нафар муҳожирнинг жасади эксгумация қилинганини маълум қилганди. Лагерь ҳақида батафсил маълумотни Таиланд хавфсизлик кучлари лагерни қўлга олишмоқчи бўлганда лагердан қочиб кетишга муваффақ бўлган 14 ва 17 ёшли икки асир ўсмир айтиб берди. Ўсмирларнинг айтишича, улар лагерда 8 ойдан бериб ушлаб турилган. Ҳаммаси бўлиб бу лагерда Мьянманинг Аракан штатида яшовчи рохинжа миллатига мансуб 800 дан ортиқ муҳожир ушлаб турилган. Барча асирлар лагерга хавфсизлик кучлари бостириб кирганларида лагерь ташкилотчилари томонидан тарқатиб юборилган. Қабрдан жасадларни ковлаб олишда ишлаган 100 дан ортиқ криминалистлар марҳумлар охирги ойларда турли сабаблар, асосан очликдан вафот этган, деган умумий хулосага келган. “Лагерда ўзининг кейинги ҳаракатланиши учун пул тўлай олмаганлар ушлаб турилган. Хўжайинларга бизнинг тирик ёки ўлик бўлишимизнинг фарқи йўқ эди. Бизга камдан-кам ҳолларда овқат беришарди, ювиниб олишга душ ҳам йўқ эди, касаллар эса ўлимга маҳкум эди”, деб айтди қабрлардан биридан тирик ҳолда топилган Анузар исмли асир. У лагерни 8 нафар жиноятчи бошқаргани, улар орасида рохинжа ва малай миллатига мансуб шахслар бўлганини маълум қилган. Рохинжа миллати вакиллари бўлмиш бенгалиялик мусулмонлар Мьянманинг Аракан штатини мьянмалик буддистлар билан диний тўқнашувлар оқибатида ҳамда меҳнат муҳожирлари сифатида оммавий равишда тарк этмоқда. Пул эвазига муҳожирларнинг ҳаракатланишини рохинжаларни Таиландга ва ундан кейин денгиз орқали Жануби-шарқий Осиёнинг мусулмон давлатларига олиб ўтишни ташкил қилувчи ноқонуний гуруҳлар таъминлайди. Кўпинча муҳожирлар билан тўлиб-тошган қайиқлар сув остига ғарқ бўлиб, юзлаб одамлар йўлда ҳалок бўлади. xab-2