Жорий мавсум якунланиши арафасида бир қанча футболчилар кейинги мавсум учун режаларини тузиб олишди. Қуйида 2015-16 йиллар мавсуми учун ўзига янги жамоа топган футболчилар билан танишишингиз мумкин.

1. Дирк Кюйт

Ўзининг юлдузлик даврларини "Ливерпуль" сафида ўтказган, охирги икки мавсумда эса туркиянинг "Фенербаҳче" жамоасида ўйнаган голландиялик Дирк Кюйт ўз ватанига қайтмоқда. У 9 йил олдин "Фееноорд"дан Англияга йўл олган эди. Футболчи яна шу жамоада фаолиятини давом эттиради.

2. Пабло Армеро

Бироз олдинроқ "Милан"ни тарк этган колумбиялик ҳимоячи Пабло Армеро ўзига Бразилиядан янги жамоа топди. Ўз фаолиятида Колумбия чемпионатида ўйнамаган Армеро турли йиллар давомида "Палмейрас", "Удинезе", "Наполи", "Вест Хэм" ва "Милан" жамоаларида ҳаракат қилган. Энди у "Фламенго" аъзоси ҳисобланади.

3. Энтони Уджа

Жорий мавсумда "Кёльн" жамоасининг асосий тўпурари бўлган нигериялик Энтони Уджа мавсум сўнгида раҳбарият билан келишмовчиликка учраган. Натижада энди у Бундеслиганинг бошқа вакили "Вердер" сафига ўтиб кетди.

4. Неманья Гудель

"Аякс" мураббийи Франк де Бур жорий мавсумда "АЗ Алкмар" сафидаги ўйинлари билан Эредивизиянинг энг яхши яримҳимоячиларидан бири бўлган Неманья Гуделни пойтахт жамоасида ўйнашга кўндирди. Тони Кроосга қиёсланаётган бу сербиялик ёш футболчи учун 6 млн евро тўланган.

5. Льюис Холтби

"Гамбург" Холтбини Германияга қайтарди. Немис жамоаси бу футболчини "Тоттенҳем"дан ижарага олган. Келишувга кўра, "Гамбург" ижара муддати давомида футболчини 6,5 млн евро эвазига сотиб олиши ҳам мумкин.

6. Жошуа Киммих

"Бавария" янги юлдуз сифатида қаралаётган 20 ёшли таянч яримҳимоячиси Жошуа Киммих билан шартнома имзолади. Бу футболчи ўтган йилда 19 ёшли футболчилар ўртасидаги Европа чемпионатида Германия терма жамоаси сафида чемпион бўлишга эришган.

7. Жейсон Мурильо

Жорий мавсумда "Гранада" учун ўйнаган колумбиялик Жейсон Мурильо "Интер" билан келишувга эришган. Уни Колумбия терма жамоаси сафидаги дўсти Фредди Гуарин Италияга таклиф этган.

8. Торген Азар

Менхенгладбахнинг "Боруссия" жамоаси "Челси"дан Торган Азарнинг трансфер ҳуқуқини сотиб олди. Бельгиялик бу футболчи, Эден Азарнинг укаси Торген ўтган мавсумда айнан шу жамоада ижара асосида ҳаракат қилди ва 26 ўйинда майдонга тушиб, 1 гол ҳамда 7 голли узатмага муаллифлик қилди.

9. Матия Настасич

Матия Настасич кейинги мавсумда ҳам Германиянинг "Шальке" жамоасида тўп сурадиган бўлди. Трансфер ҳуқуқи "Манчестер Сити"га тегишли бўлган бу сербиялик 22 ёшли ҳимоячи немислар жамоасига ижарага берилган.

10. Серж Орье

Жорий мавсумда "ПСЖ" сафида ижара асосида ўйнаган Серж Орьенинг трансфер ҳуқуқи "Тулуза"дан бутунлай сотиб олинган. 22 ёшли бу ҳимоячи Кот-д`Ивуар терма жамоасига номзод ҳисобланади.

11. Макс Крузе

"Вольфсбург" Германия чемпионатининг энг сермаҳсул ҳужумчиларидан бири Макс Крузени "Боруссия М"дан 12 млн евро эвазига сотиб олган. Германия термасига номзод ҳисобланадиган 27 ёшли бу ҳужумчи ўтган икки мавсум давомида Менхенгладбахнинг "Боруссия" жамоаси сафида 23та гол урган ва 20та самарали тўп узатишни амалга оширган.

12. Мемфис Депай

Луи ван Гал "МЮ"га Голландия терма жамоасидаги шогирдларидан бири Мемфис Депайни олиб келадиган бўлди. Ҳозирча Депайнинг "МЮ"да йилига 6 млн евро маош олиши маълум қилинган. 21 ёшли бу футболчи жорий мавсумда Голландия чемпионатида "ПСВ" жамоаси сафида 29 ўйин ўтказиб, 22 гол урган ва 5та голли узатма амалга оширган.

13. Данило

Мадриднинг "Реал" жамоаси "Порту"дан 23 ёшли бразилиялик ҳимоячи Данилони сотиб олиш учун 31,5 млн евро тўлади.