Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида “Камалак” замонавий аква боғи фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда ҳудудларда замонавий маданият масканлари ва истироҳат боғларининг барпо этилаётгани, аҳоли, айниқса, болажонларнинг мириқиб ҳордиқ чиқаришида муҳим омил бўлаётгани таъкидланди. 

"Қарийб 3 миллиард сўм маблағ эвазига бунёд бўлган мазкур боғни саҳродаги мўъжизага қиёс қилиш мумкин. Комбинатнинг Зарафшон қурилиш бошқармаси томонидан барпо этилган боғнинг майдони 1,3 гектарни ташкил этади. Ҳудуд манзарасини янада баҳаво қилиш учун 21 минг туп анвойи гул ҳамда 1000 га яқин манзарали дарахт кўчати ўтқазилди", дейди Навоий кон-металлургия комбинати марказий кон бошқармаси директори ўринбосари Илҳом Шарипов. 

Боғ ҳудудидаги 3та чўмилиш ҳавзаси, сузишга мўлжалланган айланма анҳор, турли фавворалар, замонавий аттракционлар болажонлар ихтиёрида. Бу ерга ташриф буюрувчиларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш учун тиббий хизмат кўрсатиш хонаси ҳамда музқаймоқ, салқин ичимликлар дўконлари ташкил этилди.