Футбол бўйича Эстония кубогининг 1/64 босқичида Таллиннинг “Инфонет” жамоаси билан 600 кишилик аҳолига эга Виртсу қишлоғининг “Виртсу” жамоаси ўртасидаги учрашув таллинликлар фойдасига 36:0 ҳисобида якунланди. “Инфонет” ўйинчилари рақиб дарвозасига 1-таймда 13 та гол, 2-таймда эса 23 та гол киритишга муваффақ бўлишди. Хусусан иккита гол 90-дақиқадан кейин қўшимча вақтда киритилган.
“Дарвозабондан бошқа ҳамма ўйинчилар камида биттадан гол уришга муваффақ бўлишди”, деб айтиб ўтди ғолиб жамоа матбуот хизмати.

Маълумот учун, энг йирик футбол ҳисоби 2002 йилда Мадагаскарнинг AS Adema ва Stade Olympique l’Emyrne жамоалари ўртасидаги учрашувда қайд қилинган. Бу учрашувда AS Adema жамоаси 149:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Бироқ Эстониядаги учрашувдан фарқли ўлароқ, барча тўпларни мағлуб жамоа ўйинчиларининг ўзлари ўз дарвозаларига киритганлар. Бунга SOE мураббийининг ўйин ҳаками билан баҳслашиб қолгани сабаб бўлган.