Англия терма жамоаси ва "МЮ" ҳужумчиси Уэйн Руни 14 июнь куни Евро-2016 саралаши доирасида Словения билан ўтказилган ўйиндан кейин ўзининг термадаги жамоадоши бўлмиш "Арсенал" яримҳимоячиси Жек Уилшир ҳақидаги фикрларни билдириб ўтди.

"Е" гуруҳининг 6-туридаги бу ўйинда инглизлар сафарда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишди. Ўйинда Англиянинг биринчи ва иккинчи голларига Уилшир муаллифлик қилди. Учинчи голни эса Рунининг ўзи урди.

"Жек фантастик ўйин ўтказди. У билан майдонда бир-биримизни жуда яхши тушуниб ҳаракат қилдик. У жароҳатларидан тўлиқ соғайиб, ўз устида ишлашда давом этса дунёнинг энг яхши футболчиларидан бирига айланиши мумкин.

Унинг икки голи ҳам ажойиб чиқди. Уилшир иккинчи бўлимда жуда зўр ҳаракат қилди ва майдон марказини тўлиқ назорат қилди. У шерикларига вазиятлар яратиш билан биргаликда, ҳужумларни якунлашда ҳам масъулиятни зиммасига олмоқда. Унинг голлари жамоамизнинг биринчи таймдаги тушкунликдан чиқиб кетиши учун жуда муҳим бўлди", дейди Руни ITV телеканалига берган интервьюсида.