Ўтган сафарги жаҳон чемпионатини четдан туриб кузатишга мажбур бўлган футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари бу галги саралаш босқичи баҳсларида ҳам у қадар кучли бўлмаган КХДР терма жамоасига қарши ўйнаб, 4:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Бу натижа кўпчилик ўзбек футбол ишқибозларини яна бир бор ранжитди. Шу муносабат билан Сизларга ўзбек футболи ҳақидаги шеърни тақдим этамиз. 

СЎЗ ГОЛИ

(Терма жамоа ҳамда баьзи шарҳловчиларга)

 

Бизнинг терма жамоамиз зўр,

Терлаб-пишиб олинган териб,

Ўйнашларин кўрмадим мен кўр,

Жонларини Жабборга бериб.

 

Футболчига хослик йўқ қонда,

Бизникилар ўзларича бек.

Рақиб-ла тенг чопмас майдонда,

Оёғига тош осилгандек.

 

Шарҳловчилар қийнаб жонимни,

Мақташар ютқазиб турса ҳам.

Мақтар яна ичиб қонимни,

Ўз-ўзига голлар урса ҳам.

 

Об-ҳавони тинч қуймай такрор,

Майдон чатоқ, дерлар аёзда.

Асли, бизнинг йигитлар шунқор,

Юз градус иссиқ, дер ёзда.

 

Ё ҳакамга отамиз кесак,

Ёки ҳалал беради сафар.

Муҳим ўйинларда ютқазсак,

Шартмас жойда қучамиз зафар.

 

Хақдир ҳакам қилган хулоса,

Фойда бермас, минг фарёд қилгин.

Битта голинг ҳисобламаса,

Учта уриб уни мот қилгин.

 

Дер, умид бор ҳали ғам ема,

Кучлиларни Яратган қўллар.

Бешталаб гол урдик-ку дема,

Кимга керак, кераксиз голлар.

 

Футболчимиз деган ҳар бийрон,

Эл-юрт шаънин ўйласин энди.

Олд Траффорд каби зўр майдон,

Қуриб бердик, ўйнасин энди.

 

Зўр ўйнаса, яхши де, майли,

Мақтаб-мақтаб майли тўй, занғар.

Ютқазган пайт қилиб чиройли,

Айбини ҳам айтиб қўй, занғар.

 

Ёш-болажон футболчиларни,

Таниш-билиш мактаб ўлдирди.

Бу чалажон футболчиларни,

Шарҳловчилар мақтаб ўлдирди.

 

Қолмоқдамиз мана шунча йил,

Мундиалнинг ярим йўлида.

Тақдиримиз негадир нуқул,

Ўзга термаларнинг қўлида.

 

Кўп йигитлар термага мосмас,

Наф келтирмас ичи бўш терак.

Тўп ортидан чоптирмасдан бас,

Уларга ер чоптириш керак.

 

Гапларимдан гар ранжиса ким,

Нишон қилмай турсин тошларга.

Мақсадим бир, аччиқ сўзларим,

Зора таъсир қилса ёшларга.

 

Не қилардик, қиламиз тоқат,

Тола бўлар бир кун чигитлар.

Мундиалга лойиқдир фақат,

Ватан ҳиссин туйган йигитлар.

 

БИР ХИЛ МАЙДОН

Болажоним, юрагимнинг ўртаси чўғ,

Милтиқдайсан шиддатинг ҳам гўёки ўқ.

Лек менга айт, нега ўзбек футболининг –

Дунёни лол айлагувчи Пелеси йўқ?

 

Боя айтдим шиддатларинг шамолдан зўр,

Бўй-бастинг ҳам жой-жойида, эмассан ғўр.

Ё сен кучли футболчимас, ё бўлмаса,

Сен зўрсану, мен мухлиснинг манглайи шўр.

 

Ё ғуруринг юрагингда гулдай сўлган,

Ё ҳозирги ўйинингдан кўнглинг тўлган.

Билиб қўйгин сенинг бобонг Соҳибқирон,

Роналдунинг бобосидан кучли бўлган.

 

Худойимнинг ишига мен қозимасман,

Аммо ўта қайсар, ўта инжиқ касман.

Бир хил майдон, бир хил имкон, бир хил инсон,

Мессидан зўр бўлмасанг гар, розимасман.

Ботиржон Эргашев