Nokia`нинг собиқ раҳбари Стивен Элоп компания қайта ташкиллаштирилаётгани сабабли Microsoft`ни тарк этди. Бу ҳақда Microsoft`нинг расмий сайтида хабар берилди.

Microsoft томонидан Nokia`нинг мобиль бўлими сотиб олингандан кейин Элоп Microsoft`нинг хизматлар ва қурилмалар бўйича вице-президенти этиб тайинланди. Элоп, хусусан, Lumia смартфонлари яратилиши ва ишлаб чиқарилишига жавоб берган.

Элоп бошчилик қилган бўлим Windows дастурчилари гуруҳи билан бирлашмоқда ва энди компаниянинг бу янги бўлими Windows and Devices Group деб аталади. Бу бўлимга ҳозирда операцион тизимларга жавоб берувчи Терри Майерсон бошчилик қилади.

Элоп Nokia`га ўтишдан аввал ҳам Microsoft`да ишлаган ва Office дастурлар пакетининг илгари сурилиши учун жавоб берган.